Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари сайёрамизда инфекцияларнинг антибиотикларга чидамли турлари кўпаяётганини таъкидламоқда. Прогнозларга кўра, яқин келажакда эпидемиологик вазият янада мураккаблашиши, хусусан, келгуси 25 йил ичида бундай супербактериялар 39 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари дунёнинг етакчи шифокорлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига таяниб, шундай хулосага келган.
Жумладан, Вашингтон университети профессори Стейн Фоллсетнинг фикрича, инсоният дори-дармонларга чидамли микробларга қарши курашиш борасида анча илгарилаб кетган. Аммо эришилган натижалар етарли эмас. Чунки 2050 йилга бориб, дори-дармонларга чидамли микроблар бевосита ёки билвосита ҳар йили 8 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлиши эҳтимоли мавжуд. Бунинг олдини олиш учун шошилинч равишда янги стратегияларни ишлаб чиқиш керак.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача дори-дармонларга чидамли инфекциялар 39,1 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши, қолаверса, бу билан боғлиқ патологиялар туфайли 169 миллион ўлим ҳолати юз бериши тахмин қилиняпти.
Бундан Жанубий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш аҳолиси энг кўп азият чекиши, мазкур минтақада 11,8 миллионга яқин одам супербактериялар қурбонига айланиши хавфи бор. Кейинги ўринлардан Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё давлатлари ўрин олиши башорат қилинмоқда.
ЎзА