Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ташаббуси билан Самарқандда давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби тақдимотлари ўтказилмоқда.
Вилоят ахборот-кутубхона марказида, Самарқанд шаҳрининг янги бунёд этилган «Қорасув» массивида, шунингдек, Иштихон туманидаги «Мароқанд сифат текстиль» корхонасида ўтказилган шундай тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Хўжаева, партия фаоллари, олимлар «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг мазмун-моҳияти, унда баён этилган ғоя ва ташаббуслар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Биз бугун дунё саҳнасида дадил қадам билан олдинга илдамлаб бормоқдамиз – деди М.Хўжаева. – Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ушбу китобда кейинги 5 йилда Янги Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси қандай яратилаётгани, мамлакатни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун белгилаб олинган стратегик йўл аниқ ва равшан баён этилган.
Янги Ўзбекистонни, шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳамда устувор йўналишларига кенг ўрин берилган.
Китоб тақдимотлари давом этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА