Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажак учун қўйилган муҳим қадам
08:27 / 2026-01-16

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган воқеа – аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди.

Жорий йилнинг 28 февралига қадар давом этадиган ушбу долзарб жараён икки босқичда амалга оширилади. Илк босқичда фуқаролар census.stat.uz портали орқали “OneID” ёки ЖШШИР ёрдамида мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтади. Иккинчи босқичда “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда махсус тайёргарликдан ўтган рўйхатга олувчилар томонидан уйма-уй юриб, маълумотлар тўпланади.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бу шунчаки статистик жараён эмас, балки мамлакат келажагини режалаштириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим сиёсий механизмдир. 

Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов шу жараёнда барчани фаол иштирок этишга чақирган ҳолда, ўзи ҳам биринчилардан бўлиб cencus.stat.uz сайти орқали рўйхатдан ўтди.

– Мазкур рўйхатга олиш мамлакатимизнинг сиёсий бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва ижтимоий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги салоҳиятини аниқ баҳолашда муҳим аҳамият касб этади. Айнан бу маълумотлар асосида келгусида манзилли ижтимоий дастурлар, инфратузилма лойиҳалари ва иқтисодий қарорлар шакллантирилади, – дейди шаҳар ҳокими.

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари Наманган шаҳрида жойлашган маҳаллаларда тизимли тарзда олиб борилмоқда. Рўйхатга олишни мувофиқлаштириш, ҳудудларда юзага келаётган муаммо ва саволларга тезкор ечим топиш мақсадида махсус штаб ташкил этилган. Унда фаолият юритаётган мутахассислар жараёнларда аҳоли дуч келаётган техник ёки ташкилий масалаларга ўз вақтида жавоб бериб, муаммоларни жойида ҳал этмоқда.

Мазкур жараённи самарали ташкил этиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат шаҳар штаби ҳам фаолият юритмоқда. Штаб рўйхатга олиш тадбирларини мувофиқлаштириш, амалга оширилаётган ишларни доимий мониторинг қилиш ҳамда юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан бартараф этиш вазифаларини бажаради. Мазкур штаб фаолияти билан танишган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов масъуллар билан бўлиб ўтган суҳбат давомида жараённинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

 “Барча юртдошларимизни рўйхатга олиш жараёнида бефарқ бўлмасдан, фаол қатнашишга чорлаймиз. Ҳар бир тўлдирилган анкета – бу келажак учун қўйилган муҳим қадамдир. Рўйхатга олишда сиз ҳам вақтни бой берманг – ҳозироқ cencus.stat.uz сайти орқали рўйхатдан ўтинг!”, мазмунида аҳолига мурожаат йўлланмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.