Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажак учун муҳим қадам
11:48 / 2025-10-15

Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, яшаш шароити ҳамда фаровонлик даражаси, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳолатининг аниқ маълумотлар орқали баҳоланиши мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилашда алоҳида ўрин тутади.

Шу мақсадда Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга асосан 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

– Таъкидлаш керакки, бу жараён нафақат рақамлар тўплаш, балки халқимизнинг ҳаётини янада яхшилашга хизмат қиладиган муҳим дастурдир, – дейди Навоий вилояти Статистика бошқармаси бошлиғи Асқар Тошназаров. – Рўйхатга олиш орқали давлатимиз аҳолининг сони, яшаш шароитлари, меҳнат фаолияти ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлади. Бу эса ижтимоий хизматлар, мактаблар, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмаларни ривожлантиришда асос бўлади. Яъни, ҳар бир оиланинг ҳаётида қандай яхшиланишлар бўлиши мумкинлигини аниқлаш имконияти пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни ҳам муҳимдир. Ер майдонлари, парвариш қилинаётган ҳосиллар ва ишлаб чиқариш фаолиятлари ҳақидаги маълумотлар қишлоқ хўжалигини янада самарали бошқариш, янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини яратади.

Тадбир икки босқичда амалга оширилади. Аввалги 17 кун давомида фуқаролар “census.stat.uz” портали орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Кейинги босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа жалб қилинган ходимлар уйма-уй юриб маълумот тўплайди.

Тўпланган маълумотлар сифатини таъминлаш мақсадида “маҳалла еттилиги” ходимлари учун ахборот тизимидан фойдаланиши учун ўқув семинари ташкил этилади. Жараённи ўз вақтида якунлаш учун кунлик назорат тизими жорий этилади. 

Рўйхатга олиш жараёнида ҳудудларда рўйхатга олувчилар аҳоли билан мулоқот қилади, планшетлар ёрдамида рўйхатга олиш сўровномалари тўлдирилади.

Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳим ва зарур. Чунки тўпланган ҳар бир маълумот мамлакатимиз тараққиёти учун асосий манба ҳисобланади.

Бундан ташқари, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари миллий барқарор ривожланиш мақсадларини баҳолаш, халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрнини янада юксалтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, рўйхатга олиш жараёни ҳар бир фуқаронинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган жараён эканлиги билан аҳамиятлидир.

А.Бўриев, ЎзА