Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажак муҳандисларини тарбияловчи даргоҳ
17:28 / 2025-08-11

Президентимиз 2024 йил 20 июнь куни бўлиб ўтган муҳим видеоселектор йиғилишида муҳандислик ва техника соҳаси бўйича олий таълим муассасаларини таҳлил қилар экан, инфратузилма етишмовчилиги, саноат билан илм-фан ўртасидаги узилиш, малакали кадрлар тайёрлашдаги мувофиқлик йўқлигини кескин танқид қилди. Бу танқидлар заминида амалий ечимлар, топшириқлар, муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Натижада, ҳар бир ҳудудда техника йўналишидаги олий таълим муассасаларини оптималлаштириш, бирлаштириш ва уларни кучли, марказлаштирилган илм-фан масканларига айлантириш вазифаси қўйилди. Бухоро вилоятида эса бундай стратегик таълим маркази – Бухоро давлат техника университети бўлди.

Ҳозирда университет нафақат техник билимларни берувчи, балки экологик барқарорлик, ижтимоий тенглик, замонавий энергия ечимлари, гендер тенглик ва рақамли трансформацияни илгари сурувчи илғор маскан сифатида шаклланмоқда.

– Бухоро давлат техника университети бу йўналишда жиддий қадамлар қўйди, – дейди Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова. “Хотин-қизлар, ёшлар учун IТ ва муҳандислик инклюзив таълим маркази” ташкил этилиб, келгусида кўплаб ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар билим олишга жалб қилиниши режалаштирилмоқда.

Университетда Илғор муҳандислик мактаби ташкил қилинди. Бу фақат назарий таълим эмас, балки реал ишлаб чиқариш муҳитига мослаштирилган, амалиёти кучли муҳандисларни етиштириш учун яратилган махсус моделдир. Унинг таркибида “Рақамли тадқиқотлар”, “Илмий-тадқиқот”, “Нефть ва газ иши” ҳамда “Нефть ва газ кимёси ва технологияси” лабораториялари фаолият бошлади. Улар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиб, ишлаб чиқариш билан бевосита боғланган лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини бермоқда. Саноат ҳамкори “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ишлари бўйича келишилган. “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” томонидан ўқув-семинар хонаси тўлиқ таъмирланиб, амалий машғулотлар учун шароит яратилди.

Бугунги кунга келиб, университетда 18 000 дан ортиқ талаба, 500 нафарга яқин магистр, докторант ва қўшма таълим талабалари таҳсил олмоқда. Илмий салоҳият эса 54 фоизни ташкил этиб, 2025 йил охирига қадар 60 фоизга, кейинги йилларда эса 70 фоизга етказиш режалаштирилган. 2025 йилнинг ўзида 6 та фан доктори ва 47 нафар фалсафа доктори (PhD) диссертацияларини ҳимоя қилган. 

2025 йилда университетни 3 343 нафар талаба битирган бўлиб, уларнинг 94,5 фоизи ўз соҳаси бўйича иш билан таъминланган. Бу фақат диплом эмас, балки ҳақиқий имконият бераётган таълим тизимининг исботи. “Карьера кунлари”, ҳокимликлар билан очиқ суҳбатлар, саноат корхоналарида амалиётлар ва индивидуал ёндашувлар орқали талабалар ишлаб чиқариш объектларига жалб қилинмоқда. 207 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий ва маҳаллий ташкилотларда илмий стажировкаларга юборилди.

Техника тараққиёти ҳар доим жамият тараққиётининг асоси бўлиб келган. Бухоро давлат техника университети эса технологик ривожланишнинг таянч нуқтасига айланмоқда. Ҳозирги босқичда университет томонидан Халқаро грантлар ва инвестициялар жалб қилиш, Дуал таълим тизимини жорий қилиш, Саноат корхоналари билан ўзаро интеграция, Замонавий ўқув методологияларини киритиш, Инновацион стартаплар учун махсус платформалар яратиш йўналишларида кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. 

Бухоро давлат техника университети бугун нафақат Бухоро вилоятининг, балки бутун мамлакатнинг инновацион муҳандислик марказига айланмоқда. Ҳар бир лаборатория, ҳар бир илмий лойиҳа, ҳар бир битирувчи бу, Ўзбекистон келажагига қўшилаётган улкан ҳиссадир.

Бугун Бухородан ёнган илм-фан машъали, эртага бутун мамлакатни технологик юксалиш сари бошлайди. Зеро, ҳар бир жамиятнинг келажаги ёшларнинг билимида, кучида ва унинг илмий салоҳиятидадир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.