Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали шартлари мукаммаллаштирилади
14:19 / 2026-01-28

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ёшлар, муҳандислар ва ихтисослашган мутахассислар учун “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили бўлиб ўтган танловда ғолибларга 9 та электромобиль, 9 нафар иштирокчига хорижий илмий марказларда амалиёт ўташ имкони ҳамда яна 9 нафар ғолибга пул мукофотлари тақдим этилган эди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан ташкил этилган навбатдаги “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали концепцияси тақдимотида қайд этилишича, “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали апрель ойида ўтказилади. Жорий йилги тадбир ШҲТ ва МДҲ давлатлари ёшлари ўртасидаги олимпиадалар ва танловларни ҳам қамраб олади. У янада кенг, серқирра ва энг муҳими — ёшлар учун манфаатли ва фойдали форматда ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу сафар шунчаки танлов билан чекланилмайди, ёш ихтирочилар ўз лойиҳаларини ривожлантириши учун акселерация дастурлари ҳам йўлга қўйилади.

“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида 22 та йўналишда 39 та мусобақа, жумладан 12 та халқаро даражадаги беллашув ташкил этилиб, 10 000 нафардан ортиқ ёш жалб этилиши режалаштирилмоқда.  

Қайд этилишича, роботлар ва дронлар мусобақалари ўтган йилгига нисбатан янада мураккаб бўлади. Масалан, аввал далаларни суғориш техникалари кўргазмада шунчаки  намойиш этилган бўлса, бу йил улар ўртасида амалий беллашув ўтказилади. Далани трактор ёки дрон ёрдамида белгиланган муддат ва шартларда самарали суғориш бўйича мусобақалар ташкил этилади.

Сув иншоотларида ишлатиладиган роботлар учун алоҳида мусобақа бўлиб ўтади. Саралаб олинган ёшлар амалиётга йўналтирилган ишланмалар устида ишлашни давом эттиради. Бундан ташқари  талабалар томонидан яратилган автомобиллар пойгаси бўлади. Шунингдек, гуманоид роботлар ўртасида ҳам беллашувлар режалаштирилган. Рақамли технологиялар борасида ҳам энг илғор чип-дизайнерлар аниқланади. Ўтган йили бино ва кўприкларнинг зилзилага чидамлилигини аниқловчи ускуналар кўргазмада катта қизиқиш уйғотган эди. Бу йил эса бино ва кўприк макетларининг сейсмик барқарорлиги бўйича мусобақа ўтказилади.

Архитектура йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида маҳаллалар учун энг яхши қурилиш лойиҳалари танлови бўлиб ўтади. Бунда аҳоли учун қулайлик, сифат ва бюджет доирасида амалга ошириш мумкинлиги асосий мезон сифатида баҳоланади. Техника ва илмий йўналишларда контент тайёрлайдиган блогерлар учун алоҳида тренинг дастурлари ҳам ташкил этилади. Энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар хорижда ўтказиладиган халқаро технофестивалларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Натижада техноблогерлар жамоаси шаклланиб, улар ёшларни илм-фанга қизиқтиришга хизмат қилади. Механизмлар эстафетаси, тиббиёт муҳандислиги, яшил энергетика ва бошқа кўплаб йўналишлар ҳам фестиваль дастуридан ўрин олади.

Имконияти чекланган ёшлар учун махсус беллашувлар йўлга қўйилади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА