Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва рақамли салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўрнида ташкил этилган “Келажак” марказининг фаолияти атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар давомида марказнинг моддий-техник базаси, ўқув жараёнлари ва ёшлар билан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўрганишлар жараёнида Президентимиз томонидан 2020 йил 27 февралда имзоланган “Ёшлар сиёсати ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор мазмун-моҳияти тушунтирилди ва унда белгиланган вазифаларни жойларда сифатли ижро этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги “Келажак марказлари фаолиятини ташкил этиш ва бошқарув тартиби тўғрисида” Низоми асосида марказлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолият йўналишлари ҳамда бошқарув механизмлари алоҳида кўриб чиқилди.

– Илгариги “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўрнида ташкил этилган “Келажак” марказида СТЕМ, ИТ ва дастурлаш, робототехника, сунъий интеллект, хорижий тиллар, медиа саводхонлик, дизайн ва спорт йўналишларида кенг имкониятлар тақдим этилади, – дейди жараёнда иштирок этган Сирдарё вилояти “Келажак” маркази бошлиғи Аваз Маматов. – Бу ёшларимизнинг мустақил фикрлаш ва ташаббускорлик қобилиятини ривожлантиришга, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам беради.

Нафақат Мирзаободда, балки Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган “Келажак” марказларида амалий машғулотлар, мини-лойиҳалар ва жамоавий иш усулларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу эса ёшларда мустақил фикрлаш ва ижодий ёндашувни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўрганишлар давомида марказ раҳбарлари моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув хоналарини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва ёшларни марказ фаолиятига кенг жалб этиш бўйича таклифлар билдирди.
Муҳокамада “Келажак” марказларининг асосий мақсади ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни замон талабларига мос, рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш экани алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА