Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Келажак мактаби” ўқувчи манфаатини акс эттирмоғи керак
09:48 / 2025-12-10

Келгусида мактаблар фаолияти қай йўсинда йўлга қўйилади? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизда ташкил этилган “Келажак мактаби” маърифий семинарида шу ҳақда батафсил сўз юритилди.

Тадбирда вазирлик раҳбарияти, соҳа бўйича миллий ва халқаро  миқёсдаги экспертлар, тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари, педагоглар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.  

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев ва бошқалар таълим соҳасида кечаётган ислоҳотларда илғор педагогик ёндашув ва методикалар ўзига хос аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Семинарда ЮНЕСКО эксперти Наргиза Қўчқорованинг “Қаердамиз ва қаерга интиламиз?” номли маърузаси тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.  

-  Бугунги семинар бироз  ноанъанавий тарзда ташкил этилмоқда, - деди эксперт Наргиза Қўчқорова. – Илк марта таълим учун масъул мутасаддилар ва мактаб вакилларини бир майдонга тўпладик. Таълимда энг биринчи манфаатдор томон бу болалардир. Бугун болаларнинг овозини эшитаяпмизми? Мактабдаги инфратузилмани режалаштиришда ўқитувчининг овозини эшитаяпмизми? Шу саволларга жавоб бериш учун бугунги семинар ташкил этилди. Тақдимотимда педагогикадаги асосий ўзгаришларга эътибор қаратилади. Яъни, ҳозирги педагогика бундан 20-30 йил аввалги педагогикадан кескин фарқланади. Бугун биринчи ўринга, жамият диққат марказига ўқитувчи эмас, ўқувчи чиқаяпти. Ўқувчи ўзининг тенгдошлари билан мулоқот орқали билим ўрганмоқда. Бугун ўқувчи янгиликни фақатгина ўқитувчидан эмас, бошқа манбалардан ҳам олиши мумкин.  

Масалан, ҳозир фарзандларимиз маълумотларни ўқитувчидан ҳам кўра қаердан топмоқда? Яъни, таълимдаги ана шу қараш ва ёндашувлар ўзгаргани учун мактабнинг инфратузилмаси, синфхоналарнинг жиҳозлари ҳам шунга қараб ўзгариши керак. Ҳозирги қурилаётган мактабларимиз яна эллик йилларга хизмат қилади. Лекин эллик йилдан кейин қандай билим ва кўникмалар устувор, муҳим бўлади?! Педагогларимиз қандай болани келажакка тайёрлаши керак?  Келажак боласи учун ўтмишдаги мактабларни қурсак, фикримча унчалик ҳам тўғри бўлмайди.  

Бугунги семинар ҳам келажак мактаби ҳақида атрофлича фикр юритиш имконини беради. Хорижий мактабларда болаларга эътибор деворлардан бошланади. Масалан, деворларда болалар ижодиёти, улар томонидан чизилган расмлар, ўқувчилар камолоти ва манфаатига хизмат қилувчи шиорларни учратиш мумкин. Ўқувчининг фикри, билимлар ўрганиши, унинг таълимга муносабати мактабда тўлақонли акс этиши керак.  

Семинарда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда мавзуга оид фикр ва таклифларни атрофлича таҳлил қилишди.

Н.Усмонова,

ЎзА