Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Келажак лидерлари” Туркия тажрибасини ўрганди
14:21 / 2022-10-28

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби аъзолари жорий йилнинг 25 сентябрь – 2 октябрь кунлари Туркия Республикасининг давлат бошқаруви соҳасидаги илғор тажрибаси билан танишиш мақсадида Анқара шаҳри ва Невшеҳир вилоятида бўлди.

Ёш давлат хизматчиларининг билим ва касбий компетенцияларини ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётда жорий қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган сафар давомида ёш лидерлар Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси раҳбари Салим Атай, бир қатор вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари билан учрашди. 

– Биздаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги сингари Туркияда Президент ҳузурида Инсон ресурслари офиси фаолият олиб борар экан – дейди Самарқанд “Келажак лидерлари” клуби раҳбари Шероз Абдувалиев. – Мазкур офис томонидан амалга оширилаётган “Қобилиятлар харитаси” платформаси “Тўғри хизмат қиладиган тўғри давлат хизматчилари” тамойили асосида мамлакатнинг 81 вилояти ва 922 туманида жорий қилинган. Бу орқали 8 миллион нафар талаба ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб бориш, улар билан доимий алоқада бўлиш мумкин. Туркиядаги 204 та давлат олий таълим муассасасида “Карьера марказ”и ташкил этилган бўлиб, у ердаги ходимларнинг талабалардаги қобилиятни аниқлаш, уларни ўқиш мобайнидаги кўрсаткичларини мониторинг қилиб боради ва кейинчалик давлат хизмати ва  хусусий секторда истеъдодли ёшларни иш билан таъминлашга ёрдам беради. Республика бўйлаб вакант лавозимлар “Қобилиятлар эшиги” платформасига киритиб борилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари талабаларига ўқиш давомида стажировка қилиш имконияти яратилган. Стажировкада энг кам ойлик иш ҳақи миқдори берилади ҳамда амалиётни муваффақиятли тамомлаганлар ишга қабул қилинади.

Невшеҳир вилоятида туризм асосий соҳалардан бири экан. Вилоят аҳолиси 327 минг нафарни ташкил қилади. Аммо бу ерга келадиган сайёҳлар сони бир йилда 4 миллион нафардан ортиқ экан. Албатта, бунинг учун зарур инфратузилма, шароит ва имкониятлар яратилган. Вилоятда 664 та меҳмонхона мавжудлиги туризм соҳасининг нечоғлик ривожланганлигини кўрсатади. 

Маълумотларга кўра, Туркияда уч йил олдин бир турист кунига ўртача 47 АҚШ доллари атрофида харажат қилган бўлса, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда сайёҳларнинг кунлик харажати 85 АҚШ долларига етган.

Сафар давомида юртимиз вакиллари Туркияда давлат хизмати тизимининг ижобий тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда иш олиб бориш юзасидан таклифларини билдирди.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА