English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Келажак касблари”лойиҳасида кимлар иштирок этади?
18:48 / 2023-05-03

Шафина Жўрабекова Жиззах шаҳар Сангзор маҳалласида яшайди. У ёшлигидан чет тилларига жуда қизиқади. Ҳозирги кунда унинг чет тилларини ўрганиши учун ўқиш харажатлари “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қоплаб берилмоқда.

–Жиззах шаҳридаги 1-сонли мактабнинг 11 синфида ўқийман, – дейди Шафина Жўрабекова. – Инглиз тилини 6 ёшдан бошлаб ўрганишга ҳаракат қиламан. Лекин баъзи сабабларга кўра орада узилишлар кўп бўлди. Лекин интилишим йўқолмади. “Келажак касблари” лойиҳасини эшитдим ва бунга қизиқиб маҳалламиздаги ёшлар етакчисига мурожаат қилдим. Ёшлар етакчиси мени инглиз тилига ихтисослашган ўқув курсига жойлаштирди. Ҳозирда шу ўқув курсида тил ўрганишда давом этяпман. Ўқиш харажатларини Ёшлар ишлари агентлиги тўлаб берди. Мақсадим келажакда ўзимнинг шахсий ўқув курсимни йўлга қўйиш ва ўзим каби ёшларга билим улашиш.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги тегишли қарорига кўра, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курслари харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш доирасида ишлаб чиқилган “Келажак касблари” лойиҳасини амалга ошириш  белгиланган.  

Бугунги кунда лойиҳада иштирок этиш учун ўқув марказларидан келиб тушган аризалар сони 1 минг 192 та бўлиб, шундан 902 та талабга жавоб берадиган ўқув маркази лойиҳада иштирок этиш учун тасдиқланган. Ҳозирги вақтда республикамиздаги 651 та ўқув марказида дарс машғулотлари олиб борилмоқда.  

– “Келажак касблари” лойиҳасининг биринчи мавсумида лойиҳа доирасида замонавий касбларни ўрганиш учун жами 16 минг 544 нафар ёшлар ариза берган, – деди Ёшлар ишлари агентлиги “Ёшлар дафтари”ни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Илғор Раҳматов. – Берилган аризалардан 13 минг 445 таси лойиҳада иштирок этиш учун тасдиқланган. Шундан хотин-қизлар сони 5 минг нафардан ортиғини ташкил этади. “Келажак касблари” лойиҳасида иштирок этиш учун тасдиқланганлар орасида оилавий шароити ва бошқа сабаблар билан ўз аризасига кўра лойиҳада иштирок этишни рад этганлар ҳам бўлди.  

Кўмак кўрсатилганлар орасида ишсиз ёшлар, “Аёллар дафтари”га киритилган оила фарзандлари, ногиронлиги бор ёшлар,  жазони ижро этиш муассасасидан қайтган шахслар, миграциядан қайтган ёшлар ва кам таъминланган оила фарзандлари бор. Иштирокчиларнинг асосий қисми инглиз тили (IELTS, CEFR), дастурлаш (Frontend), График дизайн,  дастурлаш (Backend) йўналишларида замонавий касбларни ўрганиш мақсадида ариза топширган.  

Биринчи мавсумдан сўнг лойиҳа иштирокчиларининг фаолияти, дарс жараёнлари таҳлил қилиниб, лойиҳанинг кейинги мавсуми учун тайёргарлик кўрилди. Кўплаб ёшлар ахборот технологиялари йўналишида курсларни тамомлаб турли компаниялар, таълим муассасалари ва ташкилотларда ишлаб, даромад топишмоқда. Хорижий тиллар йўналишида ўқиб, таълим олган ёшлар эса бирма-бир IELTS, CEFR сертификатларини қўлга киритишни бошлади.  

Лойиҳанинг иккинчи мавсуми учун режалар янада кенгайтирилиб, эндиликда янги мавсум доирасида 25 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш мақсад қилинган. “Келажак касблари” лойиҳасига яқин кунларда старт берилиши кутилмоқда.  

Гулноза Бобоева, ЎзА