Президентимиз томонидан Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматдан сўнг жамиятга муваффақиятли мослашуви, уларнинг бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириқлари ижроси доирасида Миллий гвардия томонидан ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Республика касбий кўникмалар марказида Миллий гвардия ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида муддатли ҳарбий хизматчилар замонавий жиҳозланган синф хоналарида назарий ва амалий билимларга эга бўлмоқда. Мутахассислар томонидан ёшларнинг қизиқиши, қобилияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарлар ўргатилмоқда.
— Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар учун касбга йўналтириш — бу хизмат тугаши билан ҳаётда йўлини топиб кетиши учун яратилаётган аниқ имконият, — дейди Миллий гвардия ҳарбий қисм командири ўринбосари Матҳиддин Раҳимов. — Биз уларни нафақат ҳарбий интизомга, балки меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу ёндашув ҳар бир хизматчининг келажаги ва жамият барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Бу ташаббуслар ҳарбий хизматчиларни нафақат касб эгаси, балки мустақил фикрлайдиган, ҳаётда ўз йўлини топа оладиган етук шахс сифатида камол топишига хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yIEwKoc5vtw" title="Kelajak ishonchli kasb bilan mustahkamlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА