Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Йилнинг энг фаол ўқувчиси” республика танлови ташкил этилди.
Мазкур танловнинг асосий мақсади касбий таълим тизимида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш билан бирга, ташаббускорлик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мустақил ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёш авлодни шакллантиришдан иборатдир.
Танловнинг республика босқичи Бухоро давлат университетида бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилги саралаш жараёнларида республика миқёсида касбий таълим ташкилотларининг 3000 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилари иштирок этди. Бир неча босқичли қизғин беллашувлар натижасида энг юқори кўрсаткичларни қайд этган 300 нафар иштирокчи финал босқичига йўлланма олди. Якуний босқичда 5 та номинация бўйича саралаб олинган 25 нафар энг фаол ўқувчи ўзаро куч синашди. Иштирокчилар ўз билимлари, ижтимоий фаоллиги, ижодий ва ташаббускорлик салоҳиятини намойиш этиш орқали соҳа мутахассислари ҳамда ҳакамлар ҳайъатининг эътиборига сазовор бўлди.
Синовлар билан бир қаторда, иштирокчиларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва миллий қадриятларга бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро шаҳрининг муқаддас қадамжолари ва тарихий обидалари бўйлаб маънавий-маърифий саёҳатлар ташкил этилди. Танлов жараёнларини санъат ва маданият соҳаси вакиллари, ёшлар ташкилотлари фаоллари, етакчи олимлар ҳамда ижодкорлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати белгиланган низом талаблари асосида холисона баҳолаб борди.
[gallery-27529]
Танлов якунига кўра, энг муносиб деб топилган иштирокчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди ва ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, якуний босқичнинг барча қатнашчиларига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ташаккурномалари топширилиб, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги муносиб эътироф этилди.
Ушбу тадбир ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва кенг дунёқарашга эга бўлишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида катта аҳамият касб этди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА