Тошкент шаҳрида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Корея Республикаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасининг якуний миллий семинари бўлиб ўтди.
Беш йил давом этган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги сари дадил қадам ташлаганини кўрсатди. Лойиҳа 2020 йилдан буён мамлакатимизда барқарор иссиқхона сабзавотчилигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган.
Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 60 дан зиёд томорқа хўжаликлари бевосита қўллаб-қувватланди. Таъкидлаш жоизки, бенефициарларнинг 65 фоизини аёллар ташкил этди.
Лойиҳа доирасида иссиқхоналарни модернизация қилиш, сифатли кўчатлар, томчилатиб суғориш тизимлари ва ўғитлар билан таъминлаш, шунингдек, иқлим назорати, чанглатиш, ўсимликларни озиқлантириш ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш амалиётларини ўзлаштиришда ёрдам кўрсатилди.
Якуний натижага кўра, 900 дан кўп дала ташрифлари, 20 дан ортиқ тренинг машғулотлари ва 12 та тематик ўқув модули орқали 300 дан зиёд деҳқонлар, ёшлар, давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари билим ва кўникмаларини оширди. Бундан ташқари, арилар ёрдамида чанглатиш, рақамли мониторинг воситалари, уруғ ва кўчат етиштириш, ҳосил йиғиб олингандан кейинги илғор қайта ишлаш технологиялари жорий қилинди.
ФАОнинг ЎзАга маълум қилишича, томорқа ер эгаларида ҳосилдорлик 55–76 фоизга ошган, даромад эса 159 фоизгача кўтарилган. Лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонда кичик иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилишига туртки бўлди.
– Ақлли деҳқончилик энди узоқдаги орзу эмас – у айнан бугун Ўзбекистонда амалга ошмоқда, – деди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузуҳуров. – Ушбу лойиҳа шуни исботладики, замонавий технологиялар, ҳамкорлик ва комплекс ёндашув орқали ҳосилдорликни ошириш, атроф-муҳитни асраш ва қишлоқ оилалари фаровонлигини яхшилашимиз мумкин.
Энг муҳими, стратегия иссиқхона инфратузилмасини яхшилаш, иқлимга чидамлиликни ошириш, маслаҳат хизматларини кучайтириш, аёллар ва ёшлар учун арзон молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берди.
– Лойиҳа жамоаси ва бенефициарлар ушбу лойиҳанинг сезиларли натижаларга эришишишида муҳим роль ўйнади, – деди ФАО етакчи техник ходими Леонэ Маглиоcчетти Ломби. – Эндиликда бу ютуқлар Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида Бахмал туманида ҳам олиб борилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири