Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажак аниқ ва ишончли маълумотлардан бошланади
17:49 / 2026-01-13

Наманган вилояти статистика бошқармасида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Санжарбек Мелихўжаев таъкидлаб ўтганидек, Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тўғрисида”ги фармонига асосан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган воқеа – аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. 

Мазкур муҳим жараён 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар бўлган даврда икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда фуқаролар census.stat.uz портали орқали “OneID” ёки ЖШШИР ёрдамида мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Кейинги босқичда эса, “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда махсус тайёргарликдан ўтган рўйхатга олувчилар томонидан уйма-уй юриб, маълумотлар тўпланади ва аниқлаштирилади. 

Рўйхатга олишдан мақсад республикамизнинг демографик ва қишлоқ хўжалиги бўйича ишончли маълумотлар базасини шакллантиришдир. Юртимизда сўнгги бор бундай умуммиллий рўйхатга олиш ўттиз олти йил муқаддам, яъни 1989 йилда бўлиб ўтган. Орадан ўнлаб йиллар ўтиб, аҳоли сони ошди, ҳаёт тарзи ўзгарди, қишлоқ хўжалиги янги босқичга чиқди. 

Аҳолини рўйхатга олиш орқали мамлакатимизда яшовчи ҳар бир инсоннинг демографик ҳолати, яшаш шароити, таълим даражаси, меҳнат фаолияти ва ижтимоий эҳтиёжлари бўйича ишончли ва ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Ушбу маълумотлар келгусида давлат дастурлари, ижтимоий инфратузилма ва ҳудудий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. 

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш доирасида эса ердан фойдаланиш ҳолати, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, чорва ва паррандачилик ресурслари ҳамда аграр инфратузилма ҳақида аниқ маълумотлар тўпланади. Бу давлатга аграр соҳада илмий асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради. 

Вилоят статистика бошқармаси махсус штаби мутасаддилари қайд этганидек, ҳозирги вақтда бизга янгиланган, аниқ ва тўлиқ маълумотлар зарур. Чунки, айнан шу маълумотлар асосида янги мактаблар, иш ўринлари, ижтимоий лойиҳалар ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш дастурлари режалаштирилади. 

Рўйхатга олиш икки муҳим йўналишни қамраб олади: биринчиси – аҳоли ҳаёти, таълими, бандлиги ва миграцияси, иккинчиси – ерлар, чорвачилик ва паррандачилик ҳолати. Бу оддий саволлар эмас. Бу – сизнинг ҳаётингиз, оилангиз ва келажагингиз ҳақида. Ҳар бир иштирок – бу тараққиётга қўшилган ҳисса. Ҳар бир жавоб – эртанги фаровонлик учун пойдевор. 

Айни пайтда 3 миллион 177 минг аҳолига эга бўлган Наманган вилоятида ушбу фойдали тадбирга тайёргарлик ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Жараёнларни самарали ҳозирлаш мақсадида турли мутахассислардан иборат штаб ва унинг ҳузурида, “Колл-марказ” ташкил этилган. Шунингдек, маҳаллалар кесимида масъуллар гуруҳи тузилган. Фуқаролар саволларига тезкорлик билан жавоб қайтариш хизматлари ҳам йўлга қўйилган. 

Вилоятдаги мавжуд 754 та маҳалла фуқаролар йиғинида “еттилик” ходимлари учун махсус ўқув-семинарлари ўтказилиб, машғулотларда рўйхатга олиш жараёнининг ҳуқуқий, ташкилий ва методик жиҳатлари кенг тушунтирилди. Аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида баннерлар, буклетлар, марказий кўчаларга ўрнатилган “LED” мониторларда видеороликлар, бозорларда аудио эълонлар, жамоат транспортларида тарғибот материаллари ёритилмоқда. 

Шунингдек, таниқли санъаткорлар, спортчилар ва жамоат арбоблари иштирокида видеочиқишлар тайёрланиб, рўйхатга олиш аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Онлайн рўйхатдан ўтишда фаол қатнашган фуқаролар ва ташкилотлар рағбатлантирилади. Мухтасар айтганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бу ҳар бир фуқаронинг мамлакат келажагига қўшаётган катта ҳиссасидир. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.