Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келаси мавсумга тайёргарлик ишлари бошланди
07:44 / 2026-02-21

Аҳолига сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатиш коммунал соҳа фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали раҳбарияти томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда филиал ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари иштирокида соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда, аввало, 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Ер ости газ тармоқларини махсус ускуналар орқали текшириш, уларни босим остида зичликка синаш ва тозалаш, газ тақсимлаш пунктларини тафтишдан ўтказиш, шунингдек, маънан эскирган иншоотларни босқичма-босқич янгилаш вазифалари белгилаб олинди.

Табиий газ тармоқларининг ҳимоя ҳудудида жойлашган турар ва нотурар объектларни кўчириш ишларини тизимли ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу жараёнда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ҳуқуқий меъёрлар бузилишига йўл қўймаслик бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “АрcГИС” газ назорати дастури орқали тармоқларни рақамли харита асосида мониторинг қилиш, носозликларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш имкониятлари қайд этилди.

Аҳоли ўртасида газдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини юксалтириш бўйича тарғибот ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди. “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Бобур Абдулазизовнинг қайд этишича, хонадонларда газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш юзасидан тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилиши лозим.

Йиғилиш якунида шаҳар ва туманлардаги ҳудудий бўлимларда ободонлаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш, белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.