Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат аҳволи қониқарлими?
19:46 / 2020-02-26

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган.


Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидаги вазифалар ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Хўш, ушбу фармон ижроси қанчалик таъминланаяпти? Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат аҳволи қандай?

Парламент қуйи палатасида ўтказилган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директорининг ушбу масалаларга бағишланган ҳисоботи эшитилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонига мувофиқ, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги зиммасига юклатилди.

Тадбирда мазкур агентликнинг фаолияти кенг таҳлил қилинди. Айниқса, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш борасидаги камчиликлар, ютуқлар, истиқболдаги режалар муҳокамалар марказида бўлди.

2016 — 2019 йилларда 64 минг нафар (ҳар йили ўрта ҳисобда 16,5 мингта) ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинган, муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар қарийб 100 минг дона реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган, 143 минг нафар уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторияларда соғломлаштирилган. 26 та тиббий-ижтимоий муассасаларда жами 209 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилган.

Хитой томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобига Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳудудий ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига 4,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий ташхислаш-даволаш асбоб-ускунлари ўрнатилган.

Халқимизда шундай гап бор: “Қилинган ишлар, эришилган натижалар ўзимизники”. Энг асосий масала бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва ечим топиш. Тадбирнинг мақсади ҳам шу аслида. 

1111111.JPG

Мазкур йўналишдаги муаммолар нималардан иборат?

Ўтган йиллар давомида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматни ташкиллаштириш, протезлаш йўналишлари бўйича тизимли тарзда илмий изланишлар олиб борилмагани сабабли соҳа ривожи тўхтаб қолган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация ва протезлаш Миллий маркази, ҳудудий ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация ва протезлаш марказларининг ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами эса бор-йўғи 3,1 фоиз.

Мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан билдирилган таклифлар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Йиғилишда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит — бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш имкониятини, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш, таълим олиш ва ишга жойлашиш, маданий ҳаётда иштирок этиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини яратишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг асосий қоидаларини амалга ошириш соҳасида замонавий услублар ва халқаро стандартларни жорий этишга ёрдам беради.