Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олинди
20:39 / 2023-12-01

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан бир гуруҳ партия фаоллари, Олий Мажлисдаги ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлар интернат уйида бўлишди.

Мамлакатимизда якка-ёлғиз, қаровчисиз, ўзгалар парваришига муҳтож,  ногиронлиги бўлган  инсонлар ҳамиша халқимиз эъзоз ва эътиборида яшайди, давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олинади. Айни кунда Андижон шаҳридаги “Саховат” уйида 100 нафарга яқин кекса отахон ва онахон истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти 1- ва 2- гуруҳ ногиронларидир. Муассасада ана шу инсонларнинг яшаши, саломатлигини сақлаш учун зарур барча шароит яратилган.  

3 декабрь – Халқаро  ногиронлар куни олдидан ЎзЛиДеП Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари – Тўлқинжон Каримов, Умидахон Зокирова, Тоҳиржон Аҳмадалиев, Бегали Кодиров, Жавлон Эргашев ҳамда бир гуруҳ партия фаоллари ана шу масканда бўлиб, кўнгли ўксик отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олди.  

[gallery-14857]

Партия вакиллари “Саховат”  уйида яшаётган меҳр ва эътиборга муҳтож, кекса инсонлар билан дилдан суҳбатда бўлди, уларга совға-саломлар, хуш кайфият улашди. Шунингдек, мазкур масканда уларга яратилган шарт-шароитлар, муассасада ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.  

– Муассасада кекса отахон ва онахонларнинг бекаму кўст яшаши учун зарур барча шароит яратилганлигидан хурсанд бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умидахон Зокирова. – Айниқса, уларнинг саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, улар учун тренажёр зали, физиотерапия, дам олиш, ювиниш хоналари, кутубхона ташкил этилиб, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.  

Саховатпеша юртдошларимиз ташрифидан мамнун бўлган кексалар она Ватанимизда инсон, унинг қадри, шаъни нечоғли  улуғ эканлигини яна бир бор ҳис этиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуолар қилишди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари