English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кексалар ҳолидан хабар олиш азалий анъана
09:05 / 2022-03-10

Мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури ижроси доирасида “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Бу борада Наманган вилоятида Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов бошчилигида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Янги Наманган тумани ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида узоқ йиллар маҳаллий давлат бошқаруви идораларида самарали меҳнат қилган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийси Маматвали Турғунов оиласига йўқлов уюштирилди.

Янги Наманган туманидаги Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилаётган Маматвали акани кўпчилик юртимиз тараққиётига кўп меҳнати синган, маҳалла тизимида 40 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган шаҳар бўлинмасига 10 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган, ўз навбатида шаҳар халқ таълими бўлими мудири, ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи вазифаларида ишлаган кайвони ва фидойи инсон сифатида эъзозлаб келади.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Наманган тажрибаси” лойиҳаси амалга оширилаётгани инсон қадрини юксалтириш йўлида амалий қадам бўлди. Ҳар бир ташкилот ва корхона тизимда самарали иш олиб борган ва меҳнат қилаётган ходимларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, уларнинг бой тажрибасини ўрганиб ёшлар тарбиясида фойдаланилмоқда.

Маматвали Турғунов етти қиз ва бир ўғилни вояга етказиб, халқ хизматига камарбаста қилиб тарбиялаган. Қизи Насибахон айни пайтда фан доктори, пойтахтимиздаги нуфузли ташкилотлардан бирида фаолият юритади. Бугунги кунда 30 дан ортиқ набира ва 20 га яқин эвараларга бош бўлган нуроний 70 ёшни қарши олди.

– Жон куйдириб ишлаганлар ҳеч қачон эътибордан четда эмаслигига амин бўлдим, – дейди Маматвали Турғунов. – Шукр, бугунги осуда ва фаровон юртда оиламнинг моддий шароити яхши, фарзандларим халқ хизматида. Бундай дориломон кунларга етишнинг ўзи катта бахт.

Йўқлов давомида самимий суҳбат қурилди. Дуогўй фахрийга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан эсдалик совғалари тақдим қилинди. Инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ушбу хайрли ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА