Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кексалар доимо эъзозда
12:56 / 2022-10-03

Фарғона вилоятида “Кексалар ҳафталиги” доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Унда кекса авлод вакилларига алоҳида эъзоз ва эътибор кўрсатилаётир.

Нуронийлар таянч тоғларимиз, устунларимиздир. Улар маслаҳат берса, узоқни кўзлайди, дуоси орқали эл-юрт тинчлиги, меҳр-муҳаббати, дастурхон қут-баракаси, ёшлар камолотини ният қилади. Қаерда кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда файз бор, барака бор. Шу боис ҳам мамлакатимизда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш шароитини яхшилаш ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат” шиори остидаги “Кексалар ҳафталиги” доирасида турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда.

– Вилоятимизда 400 мингга яқин кексаларимиз умргузаронлик қилаётган бўлиб, хайрли ишларда улар доимо фаол, – дейди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг нуронийлар масалалари бўйича ўринбосари Зокиржон Раҳмонов. –Мазкур ҳафталик доирасида маҳаллаларимиздаги нуроний отахон-онахонларимизга яна бир бор эҳтиром кўрсатишни мақсад қилганмиз. Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Шу боис ҳам бугун улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, эъзозланмоқда.

Якка ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, 61 нафар юз ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонлар уйига борилиб, йўқланмоқда. Уй-жойлари таъмирланиб, ободонлаштириш ишларига кўмаклашилмоқда. “Инсон тафтини инсон олади” шиори остида уйида ётиб қолган ҳамда шифохоналарда даволанаётган кексалар ҳузурида бўлиб, хабар олиняпти. Маҳаллаларда турли учрашувлар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалар ташкил этилмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан турли мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА