Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани” конференциялар залида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази ташаббуси билан “Ҳаёт сифатини яхшилаш: геронтология ва гериатриянинг долзарб масалалари“ мавзуида халқаро анжуман ўтказилди.
Унда мамлакатимиздаги етакчи тиббиёт мутахассислари билан бир қаторда Туркия, Россия Федерацияси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг малакали шифокорлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров таъкидлаганидек, кекса авлод ва нуронийлар халқимизнинг тарбиячиси, юртнинг муқаддас устуни. Уларнинг ҳаёти, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш жамиятимиз учун энг катта бурчдир.
Дарҳақиқат, халқимиз фаровон ҳаёт кечиришини, соғлом турмуш тарзини таъминлаш Ҳукуматимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда бу борада олиб борилган амалий ишлар кўлами тобора ортаётганлиги туфайли аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муайян натижаларга эришилмоқда.

Бугунги кунда геронтология ва гериатрия соҳасини янада ривожлантириш ғоят долзарб масалалар сирасига киради. Зеро, инсон саломатлигини сақлаш ва умрини узайтиришда, айниқса, ёши улуғ кишилар, кекса авлод вакиллари соғлиғини мустаҳкамлашда тиббиётнинг бу муҳим йўналиши аҳамияти беқиёс.
Наманган вилоятида тиббиётни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил хайрли ишлар жараёнида, 55 ёшдан ошган фуқаролар ўртасида скрининг текширувлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Кенг кўламли қарияларни соғломлаштириш дастурлари татбиқ этиляпти.

Хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий даволаш имкониятлари яратилган кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда кўз касалликлари шифо масканларидаги ибратли ишлар эътиборга молик. Биргина Республика ихтисослаштирилган кўзмикрохирургия илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ташкил этилиб, бюджет ҳисобидан қиймати 4,4 миллиард сўм эвазига замонавий офтальмологик асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали бинолари 4,3 миллиард сўм ҳисобидан реконструкция қилинди. Шунингдек, Австриянинг “AME international” халқаро ташкилоти билан тузилган шартномага асосан, қиймати 8,9 миллион еврога тенг бўлган чет эл инвестицияси ҳисобига 65 турдаги 300 дан зиёд замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада, юқори технологик амалиётлар 16 турдан 86 турга кўпайтирилди, амалиётлар йилига 450 дан 2 минг 500 тага ортди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали биноси реконструкциясига 22 миллиард сўм сарфланди. Шунингдек, Австрия банк кредити маблағлари ҳисобидан филиални 10 миллион долларга тенг бўлган чет эл инвестицияси ҳисобига замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича шартнома имзоланди ва бугунга қадар 6 миллион евроли жиҳозлар етказиб берилди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида геронтология ва гериатрия соҳасини янада ривожлантириш борасидаги изланишлар, эришилаётган натижалар хусусида илмий маърузалар тингланди. Хусусан, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гавҳар Тўлабоеванинг “Кексаларда сурункали юрак етишмовчилигини даволашга замонавий қарашлар”, Қирғиз Республикасининг давлат тиббиёт институти оилавий тиббиёт кафедраси геронтология ва гериатрия бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гульмира Баитованинг “Қирғизистонда кекса авлод саломатлиги ҳолати: муаммолар ва истиқболлар”, Беларусь Республикасининг юрак-қон томир жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Димитрий Турлюкнинг “Кам инвазив кардиология, кекса ёшдаги беморларга ёрдам бериш имкониятлари”, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовнинг “Наманган вилоятида кекса ёшдаги беморларга тиббий хизмат кўрсатиш”, Туркиянинг Анқара шаҳридаги “Биринчи акс-садо” махсус таълим ва реабилитация маркази физиатерапевт-реабилитологи Окан Кўчнинг “Гериатрик ҳасталикларда остеоартроз ва реабилитация” мавзуларидаги чиқишлари катта қизиқиш билан тингланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.