Эзгулик, меҳр, инсонпарварлик, кечиримлилик каби кўплаб қадриятларни ўзида ифода этувчи Муборак Рамазон ҳайити мамлакатимиздаги кўплаб хонадонларда қўшалоқ байрамга айланиб кетди.
Муборак Рамазон ҳайити байрами муносабати билан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 426 нафар шахс давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра афв этилиб, жазодан озод этилди. Улар орасида 11 нафари сирдарёликлардир.

– Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273 модда 5-қисми билан 2023 йил 13 январда беш йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этилгандим, – дейди Ховос тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи Жасурбек Муллажонов.
– Президентимиз томонидан имконият берилиб, афв этилдим. Келажакда ҳалол ишлаб, ҳалол меҳнат қилиб, ота-онамни рози қилиб, юртимга, халқимга фойдам тегадиган инсон бўлишга аҳд қилдим. Қилган ишларимдан пушаймонман.

– 2022 йилнинг 16 июнь куни жиноят содир этганлигим учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгандим, – дейди Янгиер шаҳар Дўстлик маҳалласида яшовчи Шоҳижаҳон Эргашбоев. – Жазони ўташ мобайнида жуда кўп хулосалар чиқардим. Ҳаётий тажрибам камлиги, ёшлигим сабаб жиноят кўчасига кириб қолдим. Пушаймонлигимни, тузалиш йўлига ўтганлигимни билдириб, Президентимизга мурожаат қилгандим. Мурожаатим қаноатлантирилди. Энди ҳаётимда янгидан бошлаш учун, жиноят кўчасига кирмаслигим учун имконият берилди. Албатта, берилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

– Президентимиз томонидан жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ шахслар Рамазон ҳайити арафасида афв этилиб, жазодан озод этилди. Ушбу афв этилган шахслар жазони ўташ муассасаларидан ички ишлар ходимлари назорати остида ўз хонадонларига эсон-омон етказиб келинди, – дейди Сирдарё вилояти ИИ ЖХХ пробация бўлими бошлиғи Камолиддин Ҳамроқулов. – Масъуллар томонидан уларга субсидиялар бериш ва ишга жойлаштириш ишларини бошлаб юбордик.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири