Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кечиктириб бўлмас вазифа
16:32 / 2025-12-17

Бугунги даврни коммуникация даври деб атасак, хато бўлмайди. Исталган пайт истаган кишимиз билан суҳбатлашишимиз мумкин. Хоҳ видео қўнғироқ орқали кўриб, хоҳ тўғридан-тўғри овозли мулоқот қилиш имкони бор.

Маълумки, бундан ярим аср ва ундан узоқ даврда кишиларнинг алоқа воситаси мактуб саналган. Аслида бугунги мулоқот воситалари ҳам мактубнинг ўзгарган бир кўриниши.

Аммо савия масаласи анча орқага кетгандай наздимизда. Чунки мактублар ёзилганда унинг имлосига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда турли ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган ёзишмаларга қарасангиз, олам-олам хато гувоҳи бўласиз. Ҳаттоки гўё кодлаштирилган ёзув яратиб олишдимикан, деган хулосага ҳам келиб қолади киши. Ана шундай кўз юмилаётган ғиж-ғиж хатоли ёзувларни ўқиб улғаяётган авлоднинг келажакдаги саводини бир тасаввур қилиб кўринг.

Савод масаласида бизнинг аждодлар бутун дунёга намуна бўлган десак, хато бўлмайди. Араблар ҳанузгача Замаҳшарий бобомиз яратиб берган грамматикадан фойдаланишади. Улар орасида “Агар шу олим бўлмаганда тилимиз аҳволи не кечарди”, деган қарашнинг борлиги биз учун фахрли ҳолат, албатта. Ёки қомусий олимларимиз Беруний, Ибн Синолар ҳам нафақат ўз соҳаларида, балки тил ва ёзув масалаларида ҳам инсониятга жавоҳирга тенг мерос қолдиришган. Ана шундай алломалар авлодларининг бугунги ёзув масаласидаги савияси уларга муносибми?

—Ўтмишда ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида нафақат унинг одоб-ахлоқи, балки саводига ҳам алоҳида эътибор беришган. Яққол мисол, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғли Ҳумоюн Мирзодан мактуб олганда унинг камчиликларини бирма-бир санаб кўрсатади. Шунингдек, у “Хатти Бобурий” ёзувига ҳам асос солади. Бу ёзув бир муддат муомалада ҳам бўлган. Шундай экан, бугунги кун ёшлари ҳам тўғри ёзиш кўникмаларини оширишга жиддий ёндашишлари шарт, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Зулхумор Холмонова.

Дарҳақиқат, ҳар бир катта маррага кичик қадамлар билан эришилади. Шундай экан, ижтимоий тармоқдаги, умуман ёзув билан боғлиқ камчиликларимизни барчамиз бартараф этишга бел боғласак, аста-секин масъулият ҳиси кучли шаклланиб, барча соҳаларда энг илғор мамлакатлардан бирига айланишимиз шубҳасиз. Шундагина тилимиз равнақи ҳам ўз-ўзидан юксалади. Зеро, давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббуслар негизида ҳам айни шу мақсад ётибди. Уни амалга ошириш эса ҳар бир миллатдошимизнинг муқаддас ва кечиктириб бўлмас вазифасидир.

Шербек Исломов,

ЎзА