Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кечиккан “Тез ёрдам”, қизил карточка, режалари бузилган “Андижон”
23:08 / 2023-05-06

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги 9-тур учрашувлари бугун бўлиб ўтадиган Термизнинг “Сурхон” ва Фарғонанинг “Нефтчи” ҳамда Қаршида “Насаф” ва Наманганнинг “Навбаҳор”, эртага Олмалиқнинг ОКМК ва Навоийнинг “Қизилқум” клублари ўртасидаги баҳслар билан ниҳоясига етади.

Андижондаги “Бобур арена” стадионида таъмирлаш ишлари бораётганлиги сабабли уй ўйинларини Фарғона вилоятининг Яйпан шаҳрида ўтказаётган “Андижон” жамоаси ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди.

Мазкур учрашув кутилмаган воқеа билан бошланди. Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионидаги “Андижон” – “Сўғдиёна” ўйинига тез тиббий ёрдам машинаси кечикиб келганлиги сабабли учрашув 20 дақиқа кечикиб бошланди.  

Мабодо “Тез ёрдам” яна 10 дақиқага кечикканида, чемпионатимиз регламентига кўра учрашув комиссари майдон эгаси бўлган жамоага 3:0 ҳисобидаги техник мағлубиятни ёзиши мумкин эди. Ҳар тугул тез тиббий ёрдам машинасини бир амаллаб етиб келиши таъминланди.

Учрашув майдон эгалари, ўтган турда, шу стадионда Бекободнинг “Металлург” жамоасини 5:0 ҳисобида доғда қолдирган кўтарики руҳдаги “Андижон” жамоаси футболчиларининг кетма-кет ҳужумлари билан бошланди ва бу учрашувнинг 15-дақиқасига келиб, водийликлар легионери Рубин Ҳебайнинг голи билан якунланди – 1:0.  

Ҳар икки жамоа қанчалик урунмасин, баҳснинг биринчи бўлимида дарвозаларга бошқа гол кирита олмади.  

Иккинчи бўлимнинг 66-дақиқаси жиззахлик футбол мухлислари учун умид учқунларини, “Андижон” ишқибозлари учун эса нохуш кайфият уйғотгани шубҳасиз. Чунки майдон эгалари футболчиси Фарҳод Бекмуродов рақибига нисбатан ўйин қоидасини қўпол равишда бузиб, учрашув бош ҳаками Олим Тўйчибоев томонидан 2-сариқ карточкани олди ва бу ўз-ўзидан қизил карточкага айланиб, у майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

Меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошкович ўйинни қутқариш мақсадида 5 нафар футболчини ўзгартирди. Ўзгаришлар ва майдонда 1 нафар кўп бўлиб ҳаракат қилиш, охир оқибат ўз сўзини айтди.

Ўйиннинг 88-дақиқасида жиззахликлар ярим ҳимоячиси Искандар Шайқулов 20 метрлар чамаси олисликдан тўпни дарвозанинг юқори бурчагига йўллаб, супер гол муаллифи бўлди ва ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган 6 дақиқанинг 3-сида эса “Сўғдиёна” легионери Зенан Займович андижонликлар дарвозасига ғалаба голини киритди ва жиззахликлар “Андижон” устидан иродали ғалабага эришди – 1:2.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сўғдиёна” клуби устози Иван Бошкович биринчи таймдаги хатолар ва иродали ғалаба ҳақида ўз фикрини билдирди.

“Биринчи таймда рақиб бизни тўлиғича ютди. Айнан футболчасига имкон қолдирмади. Аммо, иккинчи таймда биз ўйинни ўзгартирдик. Бир киши кўп ўйнаганимиз фойда берди. Вазиятларни голга айлантиришга эришдик”, деди у.

9-турнинг ўтказилган бошқа баҳсларида, ўтган мавсумларда “Сўғдиёна”ни ажойиб тарзда бошқарган Улуғбек Бақоев бош мураббийлигидаги “Бухоро” жамоаси, ниҳоят ғалаба қозонди. “Бухоро” – “Металлург” (Бекобод) – 1:0, Тошкентнинг икки клуби “Бунёдкор” ва “Олимпик” жамоалари ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида якун топган бўлса, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Чераннинг 11 метрлик жаримадан киритган ягона голи эвазига, Яйпанда  “Турон”ни 0:1 ҳисобида енгди.  

Бугун бўлиб ўтадиган 2, эртага режалаштирилган 1 учрашувдан сўнг, 9-тур якунига етади.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА