Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кечаги ўтмиш – бугуннинг кўзгуси
15:33 / 2025-07-30

Даҳру дун марказида ҳеч шубҳасиз ҳазрати инсон туради. Шу ҳақиқатни тан олмаган ҳар қандай ғоянинг мағзи – пуч, пойдевори – бўш, омонат. Фашизм ҳам, шўро мафкураси ҳам худди ана шу – инсонга, унинг табиати, феъл-атвори, мақсад-муддаоларига зидлиги, унинг эҳтиёжу манфаатларидан келиб чиқмагани учун буткул мағлубиятга учради ва қораланди.

Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани-айланган. Айни шу – инсоннинг абадий-боқий эмаслиги тафаккуримизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, яъни уни янада бойитиш имконини беради. 

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган кундан бошлаб тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.  Шу маънода, 9 май кунини шўроча усулда байрам қилиш бизнинг онг-шууримизга мутлақо мос келмас эди. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни деб белгиланди. Байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.

Хотира – одамларнинг бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макон. Хотира инсонни тарбиялайди, ўзига бўлган ишончини орттиради, эзгуликларга, ён-атрофдагиларга кўмакчи бўлишга, ўз устида тинмай ишлашига имкон яратади, умрни зое кетказмасликка ундайди.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 79 йил, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилганига, мана 25 йил тўлмоқда. Бу бир инсоннинг ўртача умрига тенг. Ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкин: йиллар ўтса-да, ушбу куннинг аҳамияти ҳеч қачон сусаймайди, бу кун ҳаммамиз учун жасорат, ифтихор ва мангу хотира разми бўлиб қолаверади.  

Халқимиз бу санага инсон хотираси ва қадрига эътиборининг амалий ифодаси сифатида қарайди. Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимиз кўрсатган жасорат шундай бир китобки, ўқиб адо бўлмайди, ундан олинган сабоқлар унутилмайди.

Халқ хотирасида яшаш деганда, кўз ўнгимиздан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ учун курашган, бу йўлда куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, жон фидо қилган буюк боболаримиз бир-бир ўтади. Бу эса, уларнинг бутун инсоният бошига тушган офатни батараф қилишга улкан ҳисса қўшганликларидан ва жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган юксак жасорат кўрсатганликларидан далолат беради.

Ҳа, биз сабр ва матонат намуналарини кўрсатган, Ватан ҳимоясида фидойи хизмат қилган ота-боболаримиз қаҳрамонликларини ҳеч қачон унутмаймиз. Улар билан умрбод фахрланамиз. Аждодларимиз олдидаги фарзандлик бурчимиз – халқимиз хотирасини абадий ёдда сақлаш, тарихдан керакли хулосалар чиқариш, ёшларимизни шундай заминда яшашдан фахр-ифтихор туйиш руҳида тарбиялашдир. 

–Болалигимда, бобожонимнинг: “Урушнинг номи ўчсин!”, – деган гапларига тушунмай “нега ундай” – деб, саволга тутардим. 

Бобом уруш ва ундан кейинги даврларни шундай эслардилар: “Уруш ўзбек халқини бор-йўғидан томомила айириб, кўрпа-ёстиғи, рўзғоридан мосуво қилди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди. Мана, урушнинг номи ўчсин”, – деб нега айтаман, она қизим. – “Ҳа, ҳаёт бор экан синов бор, қийинчилик бор, имтиҳон бор! Ҳозирги тинч замонимизда бу ҳақиқатни янада чуқурроқ ҳис қилмоқдаман. Биринчи жанговор тайёргарликни Белорусиянинг Брянск вилоятида ўтадик. Биз окопларда жанг қиляпмиз, тутунли қора булутлар орасидан дайди ўқ учиб келиб, ёнимдаги кўп сафдошларимни йиқитяпти. Шунда билдимки, дунёда энг азиз ва қадрдон инсон – бу ОНА экан. Жангчи қайси миллат вакили бўлмасин ўқ теккан вақтда жон аччиғидан “Она” дея нидо қиларкан. Мен бу сўзни уруш даврида жуда кўп миллатга мансуб қуролдошларим оғзидан эшитдим. Сўнгги нафасидаги “Она” деган сўзида нафақат она, балки Ватан меҳри, ҳаётга ташналик мужассам эди. Ҳозир ҳам эсласам юрагим ўртаниб кетади. Инсоният тарихида олтмиш миллиондан зиёд одамнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушида, Ўзбекистондан бир ярим миллиондан зиёд юртдошларимиз узоқ совуқ ўлкаларда Ватан озодлиги учун жанг қилишди. Мард ўғлонларимиз елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди. Навқирон йигитларимизни ҳалок бўлганини эслаш ниҳоятда оғир, албатта...

Очиғи, ўтган замонда қурбонларни хотирлаш ҳам, тирик қолганларнинг қадрига етиш ҳам шунчаки, яъни расмият учунгина эди, холос. Одамлар шахс сифатида эмас, омманинг таркибий қисми тарзидагина эсланарди. Ҳамма ерда номаълум аскарларнинг рамзий қабрларига дуч келар эдик... Ҳолбуки, жангда ҳалок бўлган тирик жоннинг ҳеч бири номаълум эмас эди. Ҳар бирининг ота-онаси, шаҳару қишлоғи, маҳалла-кўйи, қавму-қариндоши, қўни-қўшниси, умр йўлдоши ёхуд севган ёри бор эди-ку!.. Ҳалок бўлган тирик жон кимнингдир жигарпораси, демак, шу Ватаннинг фарзанди-ку! Ҳар бирининг ортидан қанча одам қон йиғлаб қолган. Кўзларида ёш қуримай туриб, қора хат келганда бу хат эмас, бир ўқ каби уларнинг юрагини яралаган. Бу яра шундай яра эдики, даҳшатли урушда ҳалок бўлган отасини кўрмаган, лоақал, бир бора бўлсин: “Отажон!” – деб айтолмай қолган етимларнинг фарёди эди. Инсонни, унинг табиатини менсимаслик, шахсни шахс ўрнида кўрмаслик эски мафкуранинг мағзи-мағзига сингиб кетган ақида эди. Ўша даврларда одамга фақат сиёсий ғоялар йўлидаги бир мурватдек қаралар эди. Сиёсатда ҳам, ҳаётда ҳам шу бемаъни ақидага амал қилинган. Аслида, ҳар қандай сиёсат  инсон учун, унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак. Чунки инсон азиз ва мукаррам, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам баробар қадр қимматга эгадир.”, – дердилар. 

– “Она қизим, насиб қилса Юртбошимиз ташаббуслари билан қурилаётган Хотира майдонига сизларни олиб бораман. Кўриб, билиб, ибрат оласизлар”, дердилар. 

Мустақиллик майдонида барпо этилган Хотира майдонига бобом билан зиёратга келдик. Ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилдик. Бобожоним, Мотамсаро она ҳайкалига бош эгиб, таъзим қилдилар, зарҳал битикларни кўздан кечирдилар. Кўзларида ҳам изтироб, ҳам севинч ёшлари билан: – “Шу боғ барпо этилаётганини эшитганимда кўз ўнгимдан жангда ҳалок бўлган сафдошларим бир-бир ўтди, худди улар яшашда давом этаётгандек. Назаримда урушда ҳалок бўлганлар бугун ҳар бир мард йигит юрагида, жасоратли ҳарбийлар қонида, садоқатли келинларимиз қалбида яшамоқда. Қаҳрамонлар ўлмайди болажонларим, балки улар ҳар бир Ватан деган юракда қайта-қайта дунёга келаверади. 9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши бизда сиёсатнинг инсонлашганидан, давлатнинг ҳазрати инсонга қайишганидан далолатдир. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол туфайли 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилганини, уруш қурбонларининг номи шу темир “китоб”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилгани кўриб, юртбошимизни кўпдан-кўп дуолар қилдилар. 

Қанийди, ҳаёт бир ҳикоя бўлса ва қалам билан ёзилса-ю, мозийдаги эслашга лойиқ бўлмаган қора хотираларни ўчириб ташласак... 

Минтақаларимиз, кўплаб шаҳарларимиз ва туманларимиз марказларида ҳам Хотира майдонлари барпо этилди. Пок руҳлар кезиб юрган у ерларга қадам ранжида қилганлар, ўрнатилган “Хотира” китобидан ўз қалбига яқин, қони қонига туташ қадрдонининг муборак номларини топади, албатта.

Улуғ бунёдкорлик ишларидан яна бири мазкур тарихий сананинг 75 йиллигига бағишлаб, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида барпо этилган “Ғалаба боғи”дир. Ҳозирги кунга келиб, фуқароларимиз билан гавжум, ўтганлар руҳи ёдга олинадиган, дуолар ижобат бўладиган гўшасига – азиз максанга айланди. Давлатимиз раҳбари тарафидан кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликларнинг бари хотира ва қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади. Боғ битишини кўриш у кишига насиб қилмади, лекин руҳлари шод бўлганига ишонаман.  

Бобожоним, кексалик гаштини суриб, олти нафар фарзандни вояга етказиб, 25 нафар невара, 50 нафар чевара ва 2 эваранинг ардоғида умргузаронлик қилиб, 94 ёшларида бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Табаррук бобожонимнинг панду-ўгитлари, яшаб ўтган умр йўллари биз зурриёдар учун ҳаёт йўлимизни ёритгувчи шамчироқдир.

Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотирлашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб, яхшиликларини ўзимиз учун улкан намуна эканлигини ёдда тутишимиз даркор. Чунки, аждодларимизнинг жасорати ва матонати – фидоийлик, қаҳрамонлик намунасидир. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, янгиликлар яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. 

Иккинчи жаҳон урушида Ватанидан минглаб чақирим олисларда кечган жангларда кўксини душман ўқига қалқон қилган, юрт соғинчи ва қадрдонлар дийдорини дилига тугиб курашларда жон олиб, жон берган минглаб ўзбек қаҳрамонларининг матонати ва жасорати дилларимизда мангу яшайди. Бугун мана шундай инсонлар хотираси олдида, ҳурмат билан бош эгамиз. 

Ҳозирда биз билан бирга яшаб келаётган кексаларимизни эъзозлаш, улар босиб ўтган кунларни ўрганиб, обод кунларимизга шукроналар айтиш – бизнинг чинакам инсонийлик бурчимиздир. Ватан туйғуси шунчалар юксакки, она ўз фарзандини унинг ҳимоясига ҳеч иккиланмай жўнатиб, керак бўлганда жон фидо қилиш кераклигини ёшлигидан уқтиради. Ҳозирда буюк ва қудратли армиямизда садоқат билан хизмат қилиб келаётган аскарларимиз – ота-боболаримиз изидан бориб, обод ва озод Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб келмоқда. 

Бугунги тинчлигимиз замирида, мард ва сергак аждодларимизнинг бу йўлда қурбон бўлганликлари, фронт ортини мустаҳкамлаш йўлидаги оғир машаққатлари эвазигадир. Бу хотирани асраш уни эҳтиёт қилиш – бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги бурчимиздир.  

Бугун ўша суронли кунларда, урушнинг залворли мусибатларини бошидан кечирган, оловли жангоҳлардан омон қайтган, сабр-бардош билан машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун, билаклари кучга тўлган ботир боболаримиз, навниҳол момоларимиз ўз ёшлигини ҳозирги тинчлигимиз учун бахшида этганлар...

Ушбу сатрларни ўқиётган ҳурматли ўқувчи, ҳаммамиз бахтлиларнинг энг бахтлисимиз, бу бор ҳақиқат!.. Тўрт фасли бор юртда яшаяпмиз, ҳамма шароитлар муҳайё, тўрт мучамиз бут. Ҳар бир айтаётган сўзимиз, қилаётган ишимиз замирида бунёдкорлик бор, яратувчанлик бор. Бу дегани,  биз урушга қаршимиз, дегани. Шунинг ўзи энг катта бахт эмасми, аслида?!

Мадина Зуфарова, 

ЎзА