Луқма
Тошкент шаҳри бўйлаб йўлаклар капитал таъмирланганига ҳали кўп вақт бўлмади.
Йўлаклар янгилигида ҳавас билан, ҳайрат билан қадам ташлаганмиз. Бир ёни қизил, бир ёни нақшин йўлаклардан фахр туйиб қадам ташламаган юртдошимиз бўлмаса керак.

Ҳали йўлаклар янгилигида велосипед ҳайдовчилари учун ажратилган, яъни йўлакнинг қизил рангга бўялган қисмидан одамлар кўпроқ юриши эътиборимни тортган. Шу ердан юрса, ўзини кино юлдузларидек ҳис қилса керакда, деган фикр хаёлимдан ўтган.
Шунча ҳайрату ҳаваслар орадан ҳеч қанча ўтмай бекор бўла бошлади... Эсиз шунча маблағ, шунча суюнганимиз, деб юборасиз, бу йўлакларнинг ҳозирги аҳволини кўриб. Ишхонамиз кўчасига туташ бўлган Шароф Рашидов кўчаси ён томонидаги йўлакда сайр қилиб шу аҳволга тушдик. Пойтахтнинг марказий кўчаси, қолаверса, Мустақиллик майдонига туташ бўлган ҳудудда аҳвол шу бўлса, бошқа жойларни гапирмаса ҳам бўлади.

Йўлакда бетон қотишмалари уваланиб кетган, ўйдим-чуқурларни кўриб дилингиз хира тортади. Тушлик пайти бўлишига қарамай ҳар ерда чиқинди уюмлари ҳам кўзга ташланади. Йўлакнинг айрим жойлари ўйиб ташланган. Бу ерда таъмирлаш бўлаяптими ёки йўқми, буни ҳам тушуниб бўлмайди.
Жаҳон саҳнида ўз ўрнини эгаллашга, турли йўналишлардаги индексларни яхшилашга интилаётган, шу йўл билан мамлакатга инвестициялар жалб қилиш ҳаракатидаги давлатнинг маркази ҳавас қилгулик бўлиши керак эмасми? Ёки масъуллар, қурувчилар, ободликни таъминловчилар ҳеч кимдан қўрқмай, ҳеч кимдан истиҳола қилмай қўйганми?

Айтиб ўтиш керакки, йўлаклар бунёд этиш Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилган.
Хусусан, Тошкент шаҳрида пиёда ва велосипедда юриш учун "Саломатлик йўлаклари"ни ташкил этиш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз ссуда ажратиши ҳужжатда кўрсатилган.

Йўлакларга қанча маблағ сарфланди, деган саволга жавоб олиш анқонинг уруғини қидириб топишдек гап. Лекин йўлаклар нега сифатсиз қилинди, нега сифатсиз маҳсулот ишлатилди, нега шу иш бажарилаётганда виждон ишлатилмади, деган саволлар эгасини топиши керак. Ахир шунча маблағ сарфлаб бажарилган иш бир йилга бормай барбод бўлиши шармандалик эмасми?
Норгул Абдураимова, ЎзА