Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда бошқарманинг 2021 йилдаги фаолияти хусусида атрофлича маълумот берилди.
– Кечаги божхонани бугунгиси билан таққослаб бўлмайди, – дейди бошқарма бошлиғи Зафар Турдиалиев. – Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги фармони фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Соҳада янги тизим – “Масофавий электрон декларациялаш” 2021 йил 1 октябридан йўлга қўйилди. Шунингдек фаолиятимизда пуллик хизматлар кўрсатишнинг янги турлари жорий этилиб, божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ёки ёрдам берувчи бизнес-ҳамкор идора сифатида божхона органлари Марказий лабораториясига алоҳида юридик мақом берилди ва ўз фаолиятини бошлади.
Бошқарма бошлиғи журналист ва блогерлар томонидан берилган соҳага тегишли бўлган саволларга жавоб берди.
[gallery-5563]
Жумладан, пиротехника маҳсулотларини олиб кириш таъқиқланганига қарамай байрам кунларида вилоятнинг шаҳар ва туманларида аҳоли вакиллари, асосан ёшлар томонидан уюштирилган мушакбозлик ўйинлари ҳаддан ташқари кучайиб кетгани хусусидаги саволга изоҳ берар экан, у маҳсулотлар божхона постларидан ўтмаганини, балки турли хил ноқонуний, яширин йўллар орқали кириб келганини ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, ўтган йилда вилоятдаги божхона постларидан 243,1 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. Бу 2017 йилдаги кўрсаткичларга қиёслаганда 6,1 фоизга ошган. Шунингдек 2021 йил давомида чегара постларидан 489,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар импорт қилинган. 2017 йилга нисбатан импорт ҳажми 11 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, бошқарма томонидан ўтган беш йилда 1 минг 866 та ҳолатда 6 миллиард 961 миллион 704 минг сўмлик қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА