Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
20 октябр – Одил Ёқубов таваллуд топган кун
09:30 / 2019-10-20

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби Одил Ёқубов билан “Работница” журнали мухбири Ирина Журавская суҳбати

Кеча ва бугуннинг сабоқлари

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби Одил Ёқубов билан “Работница” журнали мухбири Ирина Журавская суҳбати

Тошкентнинг қоқ марказида, каттакон бинонинг пештоқига катта-катта ҳарфлар билан таниш шиор битилган “Оқ олтинни олтин қўллар яратади”. Куни кеча ўрнатилган эмас, эҳтимол, эртага ҳам олиб қўйилмас. Бошқа пайт эътибор ҳам қилмасдим. Ҳозир эса – зирапчадай кўзга қадалиб турибди. Олтин қўллар, оқ олтин гуллаб яшнаётган Ўзбекистон, чексиз пахта даласининг ўртасида миллий либосда момиқ пахта кўсагини ушлаб жилмайиб турган қиз... Биз рекордлар ҳақида ўқирдик журналларнинг ялтироқ зарварақларини томоша қилардик, чит кўйлаклар кийиб юрар, пахтадан бўлган кийим-кечаклар тақчил бўлиб қолса, пахтакордан нолир эдик, аммо биз олтин қўллар оқ олтин учун чекаётган заҳматнинг ҳақиқий баҳосини билармидик?

Ўзбекистон халқ ёзувчи Одил Ёқубов ҳақида гап орасида айтиб қолишди: республикада порахўрлик ва уюшган жиноятчи тўдаларга қарши кураш бошланишидан ўн йил олдин у ўз курашини бошлаган. Бу гап ўша йиллар ёзилган. “Диёнат” романига тегишли. Ёзувчига минглаб мактублар келди: “Бизнинг раисни ёзибсиз-да”, “Бизда ҳам аҳвол худди шундай”. Ҳақиқий “қаҳрамон” ҳам (ўшанда уни қўштирноқсиз ёзишарди) ўзини таниди, албатта. Йўқ, ваҳшатли, соҳибқудрат раис китоб ўқимасди бироқ асар бўйича телевидениеда қўйилган беш қисмли фильмни кўрди... Дўқ-пўписалар бошқа чоралар бўлди, лекин бугун сўз бу ҳақда эмас. Албатта, бир ҳисобда шу тўғрида ҳам.

– Одил Эгамбердиевич, Ёзувчилар союзининг сўнгги пленумида кўп ижодкорлар ўз роман ва достонларини бир четга қўйиб, публицистика ёзишга киришганларини, бўлиб ўтган воқеаларни англашга уринаётганларини айтдингиз. Ўзингизни ҳам назарда тутгансиз, шундай эмасми?

– Биласизми, шундай нарсалар борки, бугун – улар ҳақида ўқиш, сўзлаш биз учун жуда оғир, бироқ ана шу тозаришни бошдан кечиришимиз ва биздан бошқа ҳеч ким айтмайдиган гапларни айтишимиз керак. Бугун кўп нарса аён бўлди. Ҳа, биз тиллога кўмилган яширин миллионларни адолатли ва шафқатсиз жазолаяпсиз, юксак лавозимли каззоблар тўдасининг янги-янги жиноятлари ошкор бўлмоқда, лекин бир фикрнинг азоби менга тинчлик бермайди: бу миллионларни ўз тери, қони ва ниҳоят, ҳаёти эвазига яратган оддий инсон тақдири яна бизнинг эътиборимиз ва марҳаматимиздан четда панада қолиб кетмайди?

Кейинги ўн йилликлар бизнинг халқимиз учун фожиавий давр бўлди. Республика устида, унинг партия ташкилоти тепасида ўзгача, айтиш мумкинки, асабий шуҳратпарастликка ўч, деҳқонларга, умуман одамларга нисбатан алоҳида шафқатсизликка чалинган киши турарди. Деҳқон эса – халқимизнинг ўзаги. У жуда камсуқум, меҳнаткаш, ана шунақа бизнинг деҳқон, бироқ унда тинимсиз ишлайдиган одамга хос итоаткорлик ҳеч тўлмайдиган сабр косаси, чексиз тоқат ҳам бор. Бу, айниқса, аёлларга кўпинча эрларига қарам бўлиб қолган муштипарларга хос. Еримизнинг бутунлигини асраб турган ана шу инсонлар республика тепасидаги каззоблар томонидан хўрланган, эзилган, ҳақоратланган эдилар. Уларнинг қўлида халқ истаган нарсасини ясаса бўладиган юмшоқ лойдай бўлиб қолганди.

Бизнинг жуда кўп офатларимиз пахта монокультурасининг изчил ва қатъият билан жорий қилингани туфайли юз берди. Ўзингизга маълум, Маркснинг ибораси билан айтганда, ҳар қандай монокультура – табиат устидан зўравонликдир. У муқаррар одамларга қарши офатга ҳам айланади. Ўрта Осиёнинг энг гўзал жойларидан бирида – Фарғона водийсида пахта экилмаган лойсувоқ уйларнинг томларигина қолгандир. Ҳар бир парча ер ҳисобга олинган, уйнинг остонасидан пахта даласи бошланади. Алмашлаб экиш нормаларига риоя қилмаслик ғўзанинг касалланишига олиб келди, шунда заҳарли химикатнинг энг даҳшатли турлари пахта далаларига, демак, атрофдаги уйларнинг томларига одамларнинг – қариялар, аёллар, болаларнинг бош-устига сепилди. Оммавий заҳарланишлар кўплаб ичак касалликлари тажовузи юз берди, аммо врачларни бошқа диагноз қўйишга мажбур қилдилар. Вақт биздан қанчалар шафқатсиз инсон фожиаларини ошириб турибди! Биламан, виждонга, бурчига қарши боролмаган врачлар бўлган – улар Москвага бориб, бўлаётган воқеалар ҳақида гапириб беришга уринишган. Улар қувғин қилинган, дўқ-пўписаларга дучор бўлган, баъзилари жиннихонага тушиб қолганлар. Қўрқув оғизларга қулф солган, қўрқув одамлар устидан ҳукм юргизган.

– Ижтимоий емирилишнинг ҳар қандай кўриниши биринчи навбатда аёлларда – унинг иқтисодий, маънавий қиёфасида ва ниҳоят, соғлиғида акс этишини кўп бор кўрдик. Афсуски, буни биз кечикиб тушунаяпмиз. Конституцияда қайд этилган тенглик бирданига аёллар муаммосини ҳал қилиб юборди, деган фикрдан воз кечиш қийин. Бироқ, аччиқ бўлса ҳам шундай қилишга тўғри келади. Ахир, Ўзбекистонда кечган воқеалар – бунинг исботи эмасми?

– Бизнинг асосий дардимиз, шўришимиз шундаки, беш ёки олти (қўшиб ёзишлар билан) миллион тонна пахтанинг ҳамма оғирлиги, монокультуранинг ҳамма шафқатсизлиги аёллар, қизлар, болаларнинг нозик елкаларига тушди.

Бир воқеани ҳали кўп йиллар унутолмасам керак. Бу уятли иш биз ёзувчиларнинг масъулиятимиз ҳақида ҳам гапиришга ундайди. Бир куни оқсоқол юбиляр – шоиримиз бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар Андижон областига жўнадик. Ўша пайтлар бунақа дабдабали “халқ ичига юриш”лар кўп бўлар эди. Менга ўхшаш тўрт-беш қорни тўқ, барваста лауреантлар, халқ ёзувчилари ва ҳоказо. Куз эди. Бизда куз ҳар хил келади – гоҳо декабргача илиқ бўлади, ўша йили одатдагидан эрта совуқ ёмғирлар туша бошлаганди. Изғирин еларди. Биз-ку билардик ўз кунимизни кўриб бордик – ёмғирпўшлар, соябонлар... Бизни бир колхозга олиб боришди, область ташкилотларидан бошлиқлар қўшилишда. Асосан аёллар, айтиш керак, гўзал аёллар – область касаба союзларининг раиси, идеология секретари. Умуман, ўттизга яқин казо-казолар. Бир шийпонга келдик. Тайёрланиб улгуришмагани кўриниб турибди, бир томонда ёмғир, намгарчилик. Шийпонда на стол, на курси бор унда-бунда кўрпача ташланган. Ёзувчилар учун ниҳоят излаб стол топишди. Ўтириб олдик. Қарайман: ана даладан олти-етти қиз чиқишди, - менга ишонармикинсиз? – бу даҳшат! Пойабзалсиз, яланг оёқлар, эркакларникидай каттакон товонлар, қўллар-чи... Турган-битгани қадоқ. Йўқ, бу аёл қўллари эмас, эркалик, навозиш учун яратилган аёлнинг бармоқлари бунақа бўлмаслиги керак. Ахир, ўша қизлар бор-йўғи ўн олтига энди кираётган эдилар. Уларнинг иккитаси – туғма ногирон бўлиб, оғизлари қийшайган, кўзлари ғилай боқарди, заҳарли дорилар уларни шу кўйга солганди (бугун заҳарли дориларнинг генотипга таъсири аниқланган). Шундай қилиб яна аллақаердан 10 тача мактаб ўқувчисини ҳайдаб келишди полга ўтирғизишди ва буюк ёзувчиларимизнинг халқ билан учрашуви бошланди. Оқсоқолимиз гўё қаршисида Москва Давлат университетининг аудиториясида икки минг филолог талабалар тургандай ярим соатлик маърузасини хотиржам ўқиди. Унинг баландпарвоз нутқи яримлаганда, ногирон қизларнинг бири ноқулай қимирлаб қўйди, шекилли, йиғилиш раиси (дилбар, қатъиятли аёл областга ном таратган, баланд лавозимли хоним) ҳалиги қизга бир талай қарғиш, қичқириқларни ёғдирди... Биз бўлсак – ҳаёт кўрган, маънавий бойиган одамлар, – бошимизни қуйи солиб, жим ўтирдик. Тартибга чақирмадик босиб қўймадик. Шеърларимизни ўқиб, учрашувни тугатиб, ташландиқ боғнинг бир четидаги безатилган тўқин дастурхонга қараб итоаткорона эргашдик. Қизлар далага қайтишди.

Нима учун биз уларга ҳеч бўлмаганда кирза этиклар беришни талаб қилмадик, нега жим турдик? Орадан йиллар ўтди, аммо, мен ишонаманки, ҳеч биримизни ўша пайтидаги сукутимиз учун уят ҳисси тарк этган эмас...

Шундай бўлса ҳам, шахсан мен учун айнан шу мавзу – аёлларимиз тақдири – энг ташвишли ва оғриқли мавзуга айланди. Рости гап, сиз ҳақсиз, аёл тақдирида бизнинг умумий офатларимиз кўзгудагидек акс этади. Ўзимда боридагидан яхшироқ кўринмоқчи эмасман, эҳтимол, аждодларимиздан мерос қолган аёлга нисбатан юзаки муносабат менга ҳам хосдир – нима қилай! Аммо Ўрта Осиё аёллари тақдирини, меҳнатини узоқ йиллар кузатишим мен учун изсиз кетмади.

Биласизми, мен қандайдир ғалати, икки ёқлама туйғу билан яшардим: Тошкент, Самарқанд бошқа бир ҳар қандай катта шаҳар бўйлаб бораркансан, ўзбек аёлларини кўриб, асрлар бўйи уларнинг ҳақиқий гўзаллар саналиб келганига ажабланмайсан. Бизнинг талаба қизларимизга, ёш аёлларимизга қаранг – яхши кийинган, жамалак сочлар... Ўзингиз биласиз, улар ўқишади, ишлашади, ўзларига мустақил, ақлли, муомалали... Кейинги куни қишлоққа йўлинг тушади. Озиб-тўзиб кетган қуёшда қорайган, қашшоқлик ва аёвсиз меҳнатдан ўттиз ёшида ҳам кампирдай кўринадиган қиз-жувонлар. Қўллари кир-чир – баъзилар ўйлаганидек, бу уларнинг фаросатсизлигидан эмас – чунки на ҳаммом, на тоза сув, на шароит бор. Тонгдан шомгача – кетмон. Сиз уни лоақал кўтариб кўрганмисиз? Қирқ беш ёшида аёл бу кетмонни кўтара олмай қолади у ёғи нима бўларкин?

Тушликни кўпдан буён шийпонларда қилишади. Болаларга шу ернинг ўзида кампиршолар қарашади. Ифлослик, чивинлар ёпишади, ювинишга жой йўқ, даладан чиқибоқ болаларни эмизишади. Ичак касалликлари – ана шундан, шу туфайли – мамлакатда энг юқори болалар ўлими. Қишлоқдан шаҳарга қайтиб, тун бўйи ухлай олмайсан...

– Айтганча, авваллари аёлларга пахтада ишлаш ман қилинган эди ҳам.

– Келинг, озроқ тарихга назар ташлайлик. Менинг бувим ( у мени онам билан бирга тарбиялаган, отамни 37-йилда қамашган эди) доимо Ўрта Осиёга тинчлик руслар билан бирга келди, дерди. Ҳа, шундай. Ўшангача хонлар, беклар, майда тўралар ўзаро жангларда ер талашар оддий халқни эзар эдилар.

Бобомнинг ҳикояларидан бизга, қишлоғимизга пахта қандай келганини билдим. Мен Чимкент областидан, қозоғистонлик ўзбекларданман). Ўрис савдогарлари келгунча деярли ҳеч ким пахта экмаган – буғдой, арпа, нўхат, тариқ экишган. Мева, сабзавотнику қўяверинг, ўзи ўсиб ётган, йилига уч бор ҳосил кўтаришган. Аммо савдогарлар завод қуриб, пахта экишни ташвиқот қилганлар. Аввал қийин кўчган, кейин халқнинг ўзи қизиқиб қолган: ана, ким пахта экса, ўша бойиб боряпти. Ахир, ўша пайтдаги ўрис савдогари бир пуд пахта учун ўн саккиз пуд буғдой берарди. Оилани боқиш ва рўзғорга керакли нарсаларни сотиб олиш учун олти қоп пахта сотиш кифоя эди. Ҳа, пахта ростдан ҳам фаровонлик манбаи эди. Бугун эса бир килограмм пахта икки килограмм буғдойчалик ҳам баҳоланмайди. Дунё бозорида эса бир тонна пахтага 20 тонна пахтага 20 тонна буғдой тўлашмоқда-ку!

Ҳа, Сталин талаб қилган мамлакатнинг пахта мустақиллиги аллақачон бажарилган, аммо унинг ортида энг оғир ва айтайлик, энг арзон меҳнат эксплуатацияси турибди. Ахир, пахтанинг арзон баҳоланиши иш ҳақининг пастлигига олиб келади. Ҳозир у ойига 50-70 (гоҳида унинг ярми) сўмни ташкил этади. Бу маош билан эркак рўзғор тебрата оладими? Эркаклар бор-йўқ кучини, пухталиги, ишбилармонлигини ўртага солиб, қишлоқдан кетишга, аллақаерлардаги қурилишга, район марказларидаги қариндошлариникига ўрнашиб олишга уринганлар. Қишлоқда энг чорасиз, муштипар одамлар, албатта, аёллар қолган. Улар пахта билан ёнма-ён қолганлар. Ғўзанинг ҳар тупини етти бор чопиқ қилиш керак, бир гектарда эса камида 100 минг туп ғўза бор! Аёллар билан ёнма-ён қишлоқда калтабин, саводсиз раислар, бошлиқлар, бригадирлар қолган, бу зотларни эса фақат “план” деган муқаддас сўзу ёғлироқ палов қизиқтирган, холос... Афсуски, булар ҳам халқимиз вакиллари...

Нозик, момиқ пахта кўсаги кўплаб аёлларимиз учун қурби етмас оғирликка, заҳмат манбаига айланди. Шунча йиллар ўтиб, биз эндигина пахтакор аёлнинг шафқатсизларча оғир меҳнати ҳақида очиқ гапиряпмиз, ёш-ёш аёллар нафақат уларга нисбатан бой-феодалларча муносабат учун, балким қашшоқлик ва ижтимоий адолатсизликдан озурда бўлиб. Исённинг энг даҳшатли йўли – ўз-ўзини ёқиб юборишни танлаётганларини аниқ айтаяпмиз. Ўзимизнинг “Адабиёт газета”мизда анча йиллар ишлаб, кўп бор шундай бир – гўёки ҳамма нарсани тушунтирадиган, аслида ҳамма нарсани яширадиган – қолипдаги иборага дуч келганман: “Сизга нима керак, ахир, буларнинг бари – ўтмиш сарқитлари...”

– Бундай қараш ҳозир ҳам кенг тарқалган. Тўғриси, ҳали яна қанча фожиалар дунё назаридан панада девор ортида юз бераркин, яна қанча аёллар ўша феодал хулқли эрнинг жабрларини чекиб қулдай яшашаркин?! Вақти келгунча...

– Ҳа, шафқатсиз, ёввойи одатлар ҳам бор, шунақа. Келинг, у ҳолда масалага бошқача ёндашиб кўрайлик: агар аёл болалигидан қулларникидай оғир меҳнат билан эзилган, қашшоқликда хўрланган бўлмаса, юксак маданият ва ижтимоий адолат кўриб яшаса, у шу қулликка (ҳатто вақтинча) тоқат қилармиди? Хўш, нима учун у ўша адолатга мурожаат қилмайди, нега оиладан ташқарида ёрдам бўлишидан умид қилмайди, бунга 70 йилдан буён ўрганмади? Биз яна жавобни бой-феодалларча ўтмишдан излаб, ўзимизга таскин бериб ўтираверамизми?

Ўтган йили ўзини ёқишлар сони энг авжига чиқди – 270 аёл ўзини ёқди. У юқумли касалликдай йилдан-йилга ўсмоқда. Йўқ, шаҳарларда, бироз топиши дуруст сабзавотчилик колхозларида эмас, подшо ҳам, худо ҳам – пахта бўлган қолоқ қишлоқларда кўпаймоқда бу офат. Нима бу – тасодифми? Шаҳидлар ўзларидан сўнг на қоғоз, на васиятнома қолдирадилар – бир сиқим кул, куйган-қорайган тана қолади улардан... Аммо, биз тушунишимиз керак-ку.

Мана, ҳали ёшгина қизалоқнинг тақдири: етти синфни тугатгач, муҳтожлик уни мактабни ташлашга мажбур қилади, қизча далага – Пахта Ҳазратларига боради. У ишлаётган бригаданинг қишлоқдан анча километр узоқда ҳам 50-60 гектар ери бор эди. У ёққа навбат-навбати билан боришарди. Бу қизча жуда ишчан, итоаткор, мўмин-қобил эди, дейишади. У ҳеч қачон юмушдан бош тортмаган, бундан устомонлик билан фойдаланган бригадир уни навбатга қарамай ўша узоқ ерга жўнатаверган. Аммо бир куни қизчанинг жонига тегади, боришдан бош тортади. Жуда бешафқат бўлган бригадир қизларни унга қарши гиж-гижлайди, ишга чиқишга қўймайди. Қизча бўлса, оила боқиши керак... Яна уни ватанпарварлик, бурч, қочоқлик ҳақидаги иборалар билан қўрқита бошлаганлар. Қизча ўлимни афзал кўрган...

Йўқ, менинг ишончим комил – бу даҳшатли фожиаларнинг илдизи – аёл меҳнатининг даҳшатли эксплуатациясида, ижтимоий адолатсизликда. Ахир, нима бўлаяпти? Фожиа юз берди, демак, кимдир жавоб бериши лозим, кимнидир жавоб бериши лозим, кимнидир жазолаш керак, шундайми? Агар гап бой-феодаллик сарқитларида бўлса, табиийки, эр жавобгар. Уни бир неча йилга озодликдан маҳрум қиламиз, гўё шу билан иш битди. Мен эса бошқа бир воқеани ҳам яхши эслайман. Икки боласи бор аёл ўзига керосин қуйиб, ёқиб юборади. Эр чопиб келганда у ҳали тирик эди. Ўзини унутиб қўйган эр аёлга ташланиб, уни қутқаришга уринади... Аёл касалхонада жон берди. Эр ҳам куйиб адо бўлган, унга қарашга юрак ботинмасди, қўрқинчли эди. Ҳа, эҳтимол, унинг ҳам айби бордир. Аёлнинг ҳаётини енгиллаштиролмагани учун, машаққатли меҳнатдан озод қилолмагани учун “гуноҳкор”дир. Аммо... Яна суд ҳукми. Ахир, болалар қолди. Яшашнинг қийинлиги учун у айбдорми? Ўшанда биз суд ҳукмини қайта кўриб чиқишга эришолмадик. Кўпинча “бой-феодаллик сарқитлари” деган сийқаси чиққан формула фожиаларининг ҳақиқий илдизини кўздан яшириб келади. Албатта, ҳар бир шундай фожиа нафақат жиноий, балким жуда жиддий, жуда чуқур социологик тадқиқ ва таҳлил қилиниши керак. Шунингдек, биз фожианинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий сабабларини ҳам ўрганишимиз даркор. Акс ҳолда “чора кўрилди”, деган ибора сийқа сўз сифатида қолаверади.

– Ҳозир ўзбек аёлларининг соғлиғи муаммоси жуда кўндаланг турибди. Камқонлик, организмнинг силласи қуриши, камқувватлилик, турли гинекологик хасталиклар. Менга жуда кўпчилик медиклар айтишдики, буларнинг сабаби – кўп туғиш, гоҳо ҳар йили бола кўриш экан. Бу фикрда асос бўлса керак.

Бошқа томондан, кейинги вақтлар ҳали у ёндан ҳали бу ёндан Ўрта Осиё республикаларида туғилиш хавф соладиган даражада кўпайиб кетаётганидан шовқин солиб зорланиш эшитилиб қолмоқда. Шундан сўнг республикада туғмасликка мажбур қилишаётир, деган гаплар пайдо бўлди. Ҳозир аниқландики, бу кўп туғишнинг олдини олувчи, аслида керак воситаларнинг нўноқларча ташвиқ этилганидан экан. Шундай бўлса-да, биз кўп болалик муаммоларини ҳам ижтимоий муаммолардан айириб қарамаслигимиз лозим!

– Мен медик эмасман, кўп туғишнинг аёл организмига қандай таъсир қилиши ҳақида, табиийки, бирор нарса деёлмайман. Эҳтимол, кўп туғиш унчалик фойдалимасдир. Аммо бир нарсани билиш учун медицина институтини битириш шарт эмас: эл фаровон, ҳамма нарса етарли бўлса, кўп туғишнинг оқибати бошқа бўлади, машаққатли меҳнат, тўйиб емаслик, оддий турмуш шароитлари ва медицина хизмати хароб бўлганда бошқача бўлади, бу аниқ.

– Айтганча, республика Соғлиқни сақлаш министрлигида шуни ҳам гапириб беришдики, Ўзбекистон медицина ходимлари етишмаслиги, юмшоқ қилиб айтганда, ғалати режалаштириш сиёсати туфайли ҳам юз бераётган экан. Бутун иттифоқимиз бўйича врачлар штати тақсимланиши ҳар 10 минг аҳолига нисбатан олиниб, Ўрта Осиё республикалари учун ҳам Болтиқбўйи учун ҳам бир хил экан. Ҳолбуки, дейлик, Эстонияда туғилиш ҳар 1000 кишига 15,6 тадан, Ўзбекистонда – 37,8 тадан тўғри келади. Фарқ бор-ку. Врачлар штатини ҳам, айтайлик, ҳар 1000 туғилишга нисбатан олиш мантиқлироқ эмасми...

– Афсус, план ва мантиқ ҳар доим ҳам тўғри келмаяпти. Лекин мен туғилишнинг “хавф соладиган даражада” кўпайган масаласига қайтмоқчиман. Кўп болаликнинг сабабларидан бири, менимча, айнан шу қолоқлик, қишлоқларимиздаги турмуш даражасининг пастлигидир. Яна шуни биламанки, сизга қанчалик ғайри-табиий туюлмасин, кўпчилик аёллар учун туғиш – пахтадан вақтинча қутилишнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда.

– Эҳтимол миллатлараро муносабатларнинг гоҳо хавотирли қиёфада аён бўлаётган жуда кўп оғриқли муаммолари қўшни республикалар муаммоларини тушунмаслик оқибатида юз бермоқда.

– Афсуски, узоқ йиллар Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлар дейлик, Россияда республиканинг собиқ раҳбарлари хоҳлагандай бўлиб келди. Гап фақат қўшиб ёзишларда эмас – бу кенг кўламли кўзбўямачилик эди. Рашидов даврида ҳар бир областда 2-3 боши силанган колхоз ва совхозлар бўларди. Уларда шинам уйлар ҳам қурилган, яхши турмуш шароитлари йўлга қўйилган. Кейин бизда кўпчилик қатнашадиган серҳашам тадбирлар кўп ўтказиларди: кетма-кет химиклар, физиклар, адабиётчиларнинг анжуманлари, мусиқа ҳафталиклари – энди ҳаммасини эслаб бўлармиди?! Аммо ҳамма программаларнинг бош воқеаси, албатта, қишлоқларга ташриф буюриш эди. Ҳа, ўша шинам қишлоқларга-да. Бунинг устига ҳамма нарса етарли, ўша пайтларга хос, ичимлик тўла тўкин дастурхонлар... йўл бўйлаб “Чайка” ва “Волга”лар ғизиллаб юрар, меҳмонлар “бой таассуротлар” йиғар, ҳеч ким мезбонлар кўрсатган ҳашаматли йўлдан чиқиб, оддий одамлар қайноқ қуёш остида жизғанак бўлиб куяётган ерларга боришни хаёлига ҳам келтирмасди. Меҳмонлар, ўйлайманки, ҳавас, бироз ҳасад билан кетишарди – маза қилиб яшашар экан-а! Афсонани йўққа чиқариш унга ишонтиришдан кўра қийинроқдир.

... Еримиз ҳам хўжасиз, очкўзларча муносабатдан адо бўлди. Унинг энг омадли йилларда аёллар, кексалар, ўқувчилар, шаҳарликларнинг ҳам оғир меҳнати туфайли, заҳарли дорилар ишлатилганда ҳам беш миллион тонна пахта беролмагани аён бўлди-ку, энди яна бу йилги план – 5 миллион 230 минг тонна қаёқдан бўлади?

Ҳа, пахтачилик ҳали қолоқ усуллар билан олиб борилмоқда, техникадан фойдаланиш йўқ ҳисоби 30 фоиз ерни йўнғичқа экишга қолдириш – зарур шартлардан бири ҳисобланмоқда. Демак, пахта экишни қисқартириш керак, лекин план яна талаб қилиб турган бўлса, қандай қисқартириш мумкин... Мана, мен яна республика Марказий Комитетининг пахтачиликка бағишланган пленумида баъзи раисларнинг гапини эшитиб, қулоқларимга ишонмадим: заҳарли химикат – бутифосни қайтаришни, яна қўллашни сўрашяпти улар. Ҳа, ўша жамоатчилик фикри таъсирида мен қилинган заҳарни! Бу номардларга аёллар, болалар нима деган гап – план бўлсин, орден бўлсин, палов бўлсин! Нима. Ҳаммаси яна такрорланадими? Бунга йўл қўйиб берамизми?

Келинглар, биргалашиб ўйлайлик, ҳисоб-китоб қилайлик. Келинглар, энди Брежневнинг: “Оқ олтинни олтин қўллар яратади”, деган сўзларини ҳуда-беҳуда такрорлашни бас қилайлик. Ниҳоят, бу қўлларни одамнинг қўли қиёфасига келтириш фурсати етди. Майли бу олтин қўллар бўлмасиасига келтириш фурсати етди. Майли бу олтин қўллар бўлмаси. Бизнинг меҳнаткаш, камтар, шафқатга лаббай, деб жавоб берадиган халқимиз ҳеч кимдан қарздор бўлиб қолмайди.

1988 йил – Москва

Искандар Ёқубов тайёрлади