Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида давом этаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 4 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медални қўлга киритди.
Жумладан, юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларнинг 60 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Aлишер Ғаниев барча рақибларини таслим этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, енгил атлетикачиларимиз орасида Иброҳим Маҳкамов (уч ҳатлаб сакраш), Aмир Нагаев (баландликка сакраш) ва Нодир Норбоев ( ўнкураш) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Пара атлетика бўйича диск улоқтириш дастурида иштирок этган Ёрқинбек Одилов делегациямиз ҳисобига кумуш медални келтирган бўлса, Заҳириддин Шокиров ўнкураш беллашувларида иккинчи ўринни эгаллади. Қиличбозларимиз орасида Илёс Молина (рапира) ва Севара Раҳимова (шпага) ўз йўналишларида кумуш медални қўлга киритди.
Шунингдек, юнон-рум курашида Aйтжан Халмаханов (-67 кг), Aбдулло Aлиев (-77 кг), қиличбозлик бўйича Радмир Семенеев (рапира), Шаҳзода Эгамбердиева (шпага), босқон улоқтиришда Заринахон Носиржонова бронза медаль билан тақдирланди.
[gallery-26315]
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаль 25 та олтин, 29 та кумуш ва 25 та бронзага етди – умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда.
Туркия эса 65 та олтин, 37 та кумуш ва 28 та бронза медаль билан карвонбошилик қилаётган бўлса, эронлик спортчилар 19 та олтин, 17 та кумуш, 23 та бронза медалига эга чиқиб, учинчи ўринда қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА