Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кеча кузатилган шамол ва ёмғир туфайли айрим ҳудудлардаги истеъмолчилар бир муддат электр энергиясиз қолди
14:26 / 2024-01-30

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, жорий йилнинг 29 январь куни мамлакатимизда кузатилган қаттиқ шамол ва қор аралаш ёққан кучли ёмғир туфайли электр қурилмаларида 23 та, газ таъминотида 4 та носозлик юзага келган. Ушбу ҳолатлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилган.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев бугун АОКАда ташкил этилган брифингда бу ҳақда хабар берди.  

Унга кўра, кеча Жиззах вилоятидаги 9 минг 867 та, Сурхондарё вилоятидаги 15 мингта, Сирдарё вилоятидаги 2 мингта, Самарқанд вилоятидаги 39 минг 750 та, Қашқадарё вилоятидаги 16 минг 500 та, Тошкент вилоятидаги 5 минг 840 та, Бухоро вилоятидаги 3 минг 800 та, Андижон вилоятидаги 8 мингта, Фарғона вилоятидаги 5 мингта ва Тошкент шаҳридаги 3 минг 275 та истеъмолчи куннинг турли вақтлари давомида электр таъминотидан узилган.  

– Ушбу носозликлар ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, махсус тезкор бригадалар томонидан носозликнинг кўламига қараб 13 дақиқадан то 8 соату 24 дақиқагача бўлган вақт оралиғида тузатилди ва истеъмолчилар қайта тармоққа уланди. Айтиш жоизки, электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходим туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқда.  Шунингдек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида “метан заправка”ларга киритилган чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Уларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида йўлга қўйилган, – деди Ҳ.Тошхўжаев.  

Рақамлар кўрсаткичига кўра, кеча электр станциялар  томонидан 243,7 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб,  истеъмолчиларга етказиб берилган ушбу манба 230,6 миллион киловатт соатни ташкил этган. Бир кунлик табиий газ истеъмоли эса 157,3 миллион метр кубдир. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 3 минг 517 тонна автобензин йўналтирилган.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА