French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кеча камбағал эди, бугун эса бой-бадавлат
10:07 / 2024-10-11

Замонамиз қаҳрамонлари

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан Зарбдор туманига ташкил этилган пресс-турга таклиф этганида “Зирапча” масъулияти чекланган жамияти ва унинг жонкуяр раҳбари Комила Жўраева иштирокчиларда катта таассурот қолдиради, деб ўйламаган эдим.  

Зарбдор туманидаги ушбу жамоага бориб, у ерда амалга оширилаётган ишлар, жамият раҳбарининг катта қийинчилик ва ҳаётнинг аёвсиз зарбаларини бошидан ўтказган  умр сўқмоқлари ва машаққатли меҳнат фаолияти билан яқиндан танишганимиздан сўнг, уюшма пресс-тур учун танловда адашмаганига гувоҳ бўлдик.  

Жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз раҳбари тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотидан сўнг, тадбиркорликни ривожлантиришга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳукумат миқёсида янада жиддийроқ эътибор қаратилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.  

Зарбдор туманидаги “Зирапча” МЧЖ раҳбари Комила Жўраева жонкуяр, меҳнаткаш, тиниб-тинчимас инсон эканига тадбир жараёнида тўла ишонч ҳосил қилдик.  

Комила 7 нафар фарзандини оқ ювиб- оқ тараб, ёлғиз ўзи аёл боши билан камолга етказгунича бошидан ўтган муаммою қийинчиликлар бир китоб бўлади. У дуч келган қатор ҳаёт муаммо ва синовларидан ҳеч қачон нолимади, чекинмади ҳам, таслим ҳам бўлмади. Яратганнинг “Сендан ҳаракат, мендан барокат”, деганига амал қилиб, сабр- матонат билан меҳнат қилди, тош келса кемириб, сув келса симирди, аммо ҳаракатдан чарчамади, тўхтамади.  

– Маҳалладан фарзандларим учун олаётган нафақа пулларини тўхтатиб қўйилгач, 7 болам билан ижарада яшаб, квартира ҳақини вақтида тўлолмай қолганимдан сўнг, уй эгаси кўчага ҳайдади, маҳалла фуқаролар йиғинига моддий ёрдам сўраб бордим, ҳисобларида маблағ йўқлигини важ қилиб, ортимга қайтаришди, – дейди Комила Жўраева ўтган оғир йилларини ёдга оларкан. –  Тумандаги умумий ётоқхонага жойлашдик. Лекин бу ердан ҳам чиқариб юборишди. Маълум вақт болаларим билан ҳали онамникида, ҳали уникида, ҳали буникида сарсон-саргардон бўлиб юрдим. Туман ободонлаштириш бошқармасига қарашли ташландиқ ерни ўзлаштириб, гул кўчат экдим, чайла қуриб, болаларим билан ўша ерда яшаганларим ҳали-ҳамон кўз ўнгимдан кетгани йўқ.  

Ён қўшнимга мингдан-минг раҳматлар айтаман. Жиззахдан, Фарғона водийсидан, Самарқанддан олиб келинган турли дарахт кўчатларини  шу ерга кўмиб, кўчат сотдим. Ана шу қўшним  кийимларимни ювишга, кўчатларимни суғоришга ҳам заррача оғринмай сув бериб турди.  

Эккан гул ва дарахт кўчатларим  бўй чўзиб кўкариб қолганида, бульдозёр олиб келиб, ноқонуний қурилиш деб яшайдиган чайламни, боғимни бузиб ташламоқчи бўлишгани устига бундан 6- 7 йил муқаддам туманимиз ҳокими бўлиб ишлаган Ойбек Ашурматов (ҳозир Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари) келиб қолиб, бузмоқчи бўлганларни тўхтатди. Шароитим билан яқиндан танишди. Туман ободонлаштириш бошқармасига қарашли ташландиқ шу жойдан фойдаланашим мумкинлигини айтиб, мутасаддиларга топшириқ берди. Яна банк раҳбарини чақиртириб, “Шу аёлга 10 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб беринглар, мабодо тўлай олмаса, ўрнига ўзим тўлайман”, деб, маблағ олиб берди. Туман ҳокимининг бу ёрдами тадбиркорлик фаолиятимда туб бурилиш бўлди, десам муболаға бўлмайди.  

[gallery-19700]

Ишсиз, уй-жойсиз, болаларим кийим-кечак, нонга зор бўлиб турган пайтидаги туман ҳокимининг бу таклифи ҳаётимдаги кўрган энг катта яхшилик бўлган бўлса ажаб эмас. Ўша ерга чоғроқ иссиқхона қуриб, гул кўчатлари етиштириб, болаларим билан шу иссиқхонада яшадим.

Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими келиб, шароитим билан яна танишди ва “Меҳнат қилган кам бўлмайди, ҳадемай ҳаммаси яхши бўлади”, деб ишларимга омад тилаб кетди. Бир неча кун ўтиб, туман хотин-қизлар бўлими раҳбари эҳтиёжманд, кам таъминланган аёллар учун алоҳида уй қурилаётганини, менга ҳам икки хонали уй ажратилишини айтганида, тўғриси, ишонмаган эдим. Лекин рост бўлиб чиқди, Худога шукр, уйли бўлдик.  

Ҳозир ўзимнинг ҳовли-жойим, бир неча гектар ерим ва ҳатто бир неча машиналарим ҳам бор.

Фарзандларимнинг тўнғичи, яъни катта қизим “Темурий издошлари” мактаб-интернатида, ўғлим лицейда, қолган фарзандларим ўзимиздаги 3-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаяпти. Буларнинг барчаси, аввало Аллоҳнинг менга кўрсатган инояти, Юртбошимизнинг мен каби камбағаллик даражасига тушиб қолганларга кўрсатган ғамхўрликлари, қолаверса, Ойбек Ашурматовнинг ва бугунги туман ҳокимимизнинг ҳам ёрдами, ҳар томонлама қўллаб-қуватлашлари самараси деб ўйлайман.

Айни пайтда Комила Жўраева Зарбдор туманининг “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Шу ҳудудда жойлашган “Зирапча” МЧЖ раҳбари. 35 нафар доимий ишчиси бор. Иш ҳажми ва мавсумга қараб мавсумий ишчиларининг сони 40- 50 тани ташкил этади. 

Зарбдор туманининг айни пайтдаги ҳокими Зафар Рўзиевнинг бевосита ёрдами билан Комила Наманганга бориб, гулчиликнинг сир-асрорларини янада чуқурроқ ўрганиб келди. Шу кеча-кундузга келиб, “Зирапча” МЧЖнинг дала ва иссиқхоналарида хонаки гулларнинг 300, очиқ боғ майдонларига экиладиган гулларнинг 200 хилдан ортиғи меҳр билан парвариш қилинмоқда.  

Президентимиз жорий йилнинг апрель ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зарбдор туманининг “Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, у ердаги томорқачилик билан яқиндан танишган ва қатор видео селектор йиғилишларида Зарбдор, Сайхунобод, Уйчи ва Ғиждувон туманлари тажрибасини оммалаштириш ҳақида айтган гапларидан руҳланган Комила  қўшни “Лалмикор” МФЙга бориб, уларнинг ишлари билан яқиндан танишди, тажриба алмашди.  

Бугун МЧЖ жамоаси гул, ҳар хил кўкат ва резаворларнинг уруғларини қадоқлаб, яхшигина даромад келтираётган савдони йўлга қўйганини ҳам  таъкидлаб ўтиш жоиз. Иссиқхоналари сонини бугунги кунга келиб, учтага етказди. Тиниб-тинчимас тадбиркор аёл шу билан чекланиб қолмади. Гулчилик, кўчатчиликдан ташқари, эндиликда чорвачилик билан ҳам шуғулланмоқда.  

Комила Жўраева етакчилигидаги жамоа фаолиятини янада кенгайтиришни режалаштирган. Келгуси йили жамият қошида қуруқ меваларни қадоқлаб, сотишни йўлга қўйиш цехларини ташкил этиш мақсадида банкдан 100 миллион сўм кредит маблағи олиб, шу асосида яна 5 гектар ер майдонини ўзлаштиришни бошлаб юборган. Бундан чиқадики, Комиланинг тадбиркорлик фаолияти янада кенгайиб, “Зирапча” МЧЖдаги доимий, даромадли иш ўринлари сони яна ортади. Анча-мунча юртдошларимизнинг қозони қайнаб, рўзғорига барака киради.

Комила камтарлик қилиб баъзи ютуқлари ҳақида индамай қўяқолди. Ваҳоланки, у ўтган 2023 йилда “Йил аёли” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб, “Йилнинг энг жонкуяр аёли” номинацияси соҳибаси бўлган эди.

– Эришган натижаларимизнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркор хотин-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятлар самараси, деб биламан. Эзгу мақсадим – халқимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, Ватанимиз иқтисодиёти юксалиши учун ҳисса қўшиш, яна кўплаб иш ўринлари яратиш, маҳалламизда бирорта ҳам ишсиз аёл, камбағал оила қолмаслигига эришишдан иборат, – дейди Комила Жўраева.

Яратган бераман деганга қўшалоқ қилиб беради, деганлари шу бўлса керакда, 6 - 7 йил муқаддам маҳалладан моддий ёрдам сўраб, ишсиз, уй-жойга муҳтож, нонга зор бўлиб юрган аёл  бугун каттагина иш берувчи, тадбиркор, шу маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга мунтазам равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиб, хайр-эҳсонини аямай келаётган бой хотин.

Комила Жўраевадек замонамиз қаҳрамонлари бор экан, тадбиркор хотин-қизларимизнинг сони кўпайиб, юртимизда камбағаллик барҳам топаверади.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари