Ўзбекистон 2030 йилга бориб хорижлик сайёҳлар сонини йилига 15 миллионга етказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессияси очилишида маълум қилди, дейилади Қозоғистоннинг “Казинформ” агентлиги эълон қилган мақолада.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг “очиқ эшиклар” сиёсатида туризм соҳасига устувор аҳамият қаратиляпти. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатда икки йил давом этган пандемия билан боғлиқ чекловларга қарамай, 800 дан зиёд инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди. Масалан, Самарқанд шаҳрида инфратузилмани яхшилаш учун 1 миллиард доллардан кўп сармоя йўналтирилди.
Охирги йил Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар ошган. Туризм хизмати экспортидан тушган даромад эса 4 баробар кўпайган, деб ёзган “Казинформ” мухбири.
– Масалан, жорий йил мамлакатга жами 7 миллион сайёҳ келиши кутиляпти, – дея келтиради давлатимиз раҳбарининг сўзларини мақола муаллифи. – 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 15 миллионга, маҳаллий сайёҳлар оқимини эса 25 миллион кишига етказиш режалаштирилмоқда. Қолаверса, Президент 2030 йилгача туризмни комплекс ривожлантириш стратегиясида назарда тутилган индивидуал инфратузилма лойиҳалари амалга оширилишини маълум қилганига ҳам эътибор қаратилган.
Хуллас, Қозоғистоннинг етакчи давлат ахборот агентлиги сайтида чоп этилган материалда Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессияси очилишида илгари сурган барча долзарб ташаббуслари, самарали таклифлари батафсил таҳлил қилинган.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА