English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кайронлик “бекорчи”лар ишли бўлди
13:11 / 2022-02-09

Сурхондарё вилоятидаги 721 та маҳаллаларда жорий йилдан ҳоким ёрдамчилари иш бошлади.

Улар ўз ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилалар турмуш фаровонлигини ошириш учун уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Маҳаллаларнинг асосий драйвер соҳаларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 220 та маҳаллада чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик, 166 та маҳаллада иссиқхона хўжалиги, 108 та маҳаллада деҳқончилик, 28 та маҳаллада боғдорчилик, элликдан ортиқ маҳаллада ҳунармандчилик, 73 та маҳаллада хизмат кўрсатиш ва 50 дан зиёд маҳаллада балиқчиликни ривожлантириш белгилаб олинган.

Ангор туманидаги 4 минг 713 киши яшайдиган “Кайрон” маҳалла фуқаролар йиғини вилоятдаги шароити нисбатан оғир ва ҳар жиҳатдан ривожлантиришни талаб этадиган ҳудудлардан бири саналади. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шерзод Йўллиев молия соҳаси мутахассиси. Кўп йиллар шу соҳада меҳнат қилган. Айни пайтда тадбиркорлик билан шуғулланади.

Маҳалла хонадонларини хатловдан ўтказиш жараёнида Шерзод оилаларнинг турмуш шароити, ишсиз одамларнинг қизиқишларини ўрганди. Паррандачиликни йўлга қўйиш истагини билдирган 30 та оилага Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан 12 минг дона жўжа келтириб, ҳар бир оилага ўртача 300 донадан 700 донагача парранда тарқатди. Маҳалладаги Тиловмурод Худойназаров оиласи ҳам жўжа парваришлаш истагини билдирган эди. Ҳозир Т.Худойназоровнинг турмуш ўртоғи ва келини «Рос бройлер-308» зотли 316 дона жўжани меҳр билан боқмоқда.

–Маҳалламизнинг ҳоким ёрдамчиси тадбиркор йигит экан, – дейди Тилавмурод Худайназаров. – У оиламиз шароитини ўргангач, товуқ боқишга имкониятимиз борлигини айтдик. Жўжа келтириб берди. Турмуш ўртоғим София Хуррамова ва келиним Гавҳар Тожиева ишли бўлди. Шерзод Йўллиев жўжаларимизнинг ҳар бири 3 килограммдан тош бошса 3 миллион сўм даромад қилишимизни ҳам тушунтириб берди.

– Жўжанинг харидори аниқми, сўраймиз хонадон соҳибидан? – Албатта, –дейди Т.Худайназаров. – Келишувимизга кўра, товуқни Шерзод Йўллиевнинг ўзи сотиб олиб, бизга пулини беради. Шунинг учун жўжаларни ҳам бепул тарқатди. Озуқа билан ҳам ўзи таъминламоқда. Биз фақат ўз вақтида озиқлантирамиз. Мутахассислари жўжаларнинг ривожланишидан хабар олиб туради. Ҳозир бўш турган мана шу хонада жўжа боқаётган бўлсак, кунлар исигач, ҳовлимизнинг ана у тарафидан янги бино қуриб, жўжа парваришлашни йўлга қўймоқчимиз.

Тадбиркор ҳоким ёрдамчиси аҳолига шу касб сирларини чуқур ўргатиш, жўжаларнинг соғлом ривожланишини назорат қилиш учун Тошкент ва Жиззах вилоятидан уч нафар ветеринар ҳамда малакали мутахассисни ишга жалб этган. Улар кайранликларга жўжа парваришлашнинг илмий асосларини ўргатаётир.

– Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги паррандачилик корхоналаридан олиб келиб тарқатган 30 граммли зотдор жўжанинг ҳар бирини 7,5 минг сўмдан харид қилганмиз, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси. – Уларни 45 кун боқиб, вазнини 3 килограммга етказиш харажатлари 32 минг сўмга тўғри келмоқда. Бозорда ҳар килограмм парранда гўшти ўртача 20 минг сўмдан сотилганида битта жўжа 60 минг сўм даромад келтиради. 45 кунда ҳар бир жўжадан сарфланган харажатимиздан ташқари соф 28 минг сўм фойда қолади. Бунинг учун жўжаларни пойтахтдаги корхоналарда ишлаб чиқарилган омихта ем билан боқяпмиз. Емни Термиз туманидаги корхонадан олсак бўлади. Нархи минг сўм арзон. Лекин, нисбатан қиммат бўлса ҳам бизга Тошкентдан сотиб олаётган омихта ем маъқул бўлмоқда.

Маҳалладаги Баҳодир Сафаровнинг бўш турган молхонасида ҳам 700 дона жўжа боқилмоқда. Паррандачилик бу хонадонда оиланинг тўрт аъзосини иш билан таъминлаган. Улар навбати билан жўжаларни озиқлантириб, сув беради. Хонада бир хил иссиқ ҳаво бўлишини назорат қилади. Товуқхонада ҳароратни бир меъёрда сақлаш учун ҳоким ёрдамчиси махсус печь ва суюлтирилган газ билан таъминлаган. Шу йилгача Б.Сафаровнинг оила аъзолари 20 сотихли томорқада зироат етиштириш, қорамол боқиш билан шуғулланаётган экан. Эндиликда улар яна бир даромад манбаи яратилганидан мамнун.

– Ҳар йили томорқамизда саримсоқ пиёз, анор етиштирамиз, қорамол боқамиз, – дейди оила келини Фарангиз Амирова. – Маҳалламизда иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси Шерзод Йўллиев хонадонимизга келиб, оиламиз шароити билан танишди ва бўш турган молхонамизда парранда боқишни тавсия этди. 700 дона жўжани 45 кун боқсак, ўртача 5 миллион сўм даромад олишимизни айтди. Ҳозир қайнукаларим, турмуш ўртоғим ва қайнонам билан жўжа боқяпмиз. Етарлича омихта ем, товуқхонани қизитиш учун печь ва суюлтирилган газ билан таъминланган. Ветеринар врач Шоҳруҳ Муродов ҳар икки кунда келиб паррандалар ҳолидан хабар олади, маслаҳат беради, жўжаларнинг ривожланишини ўрганади. Уйда ўтириб оилавий бюджетимизни мустаҳкамлаётганимиздан хурсандмиз.
 

Ҳоким ёрдамчисининг айтишича, маҳаллада яна 120 хонадон парранда боқиш истагини билдирган. Уларнинг ҳам бандлигини таъминлаш учун маҳалланинг ўзида жўжа очиришни йўлга қўйиш учун 12 та замонавий инкубатор харид қилинган. Бу инкубаторларда 25 кунда 8 мингта жўжа очириш имкони мавжуд. Унинг ҳисоб-китобига кўра, маҳаллий шароитда очирилган ҳар бир жўжанинг нархи 1,5 минг сўмга тўғри келади. Шу пайтгача аҳолига тарқатилган жўжанинг биттаси 7,5 минг сўмдан харид қилинган эди. Жўжа сотиб олишда тежалган маблағ инкубатор ишчиларига маош ва электр энергияси харажатига сарфланади. Бу билан 300 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Шунингдек, қўшни маҳаллаларда парранда боқишга қизиқувчи талабгорларга соғлом, нархи арзон жўжа етказиб берилади.

Маҳаллада тўрт йўналиш бўйича ишга киришган ҳоким ёрдамчиси Шерзод Йўллиев кооперация асосида эркаклар ва аёллар тўнини тикишни ташкил этиб, тикувчиликка қизиқиш билдирган 20 нафар хотин-қизни ишли қилди.

– Шу пайтгача фақат уй ишлари билан бўлиб юрардик. Ҳоким ёрдамчиси бизга тикув машинаси, мато, хуллас, кийим -кечакнинг ипидан игнасигача олиб берди, – дейди тикувчи Мақсуда Ҳайитова. – Биз тикаётган эркак ва аёллар чопони, бошқа кийим-кечаклар Ангор буюмбозорида аҳолига сотилади. Тиккан ҳар бир тўн ва кийим-кечак учун ўртача 20 минг сўм беришади.

Айни пайтда бу цехни кенгайтириб, маҳсулот турини кўпайтириш ва тикувчилик билан шуғулланиш истагини билдирган яна бир гуруҳ хотин-қизларни ишга жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Чунки, бозорда улар тикаётган арзон, сифатли кийим-кечакларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Маҳаллани пухта ўрганган Шерзод Йўллиев одамлар билан маслаҳатлашиб, балиқчиликни ҳам йўлга қўйишга қарор қилди. Бу ерда аҳоли Байкал кўли, деб атайдиган 85 гектарлик чуқурлик бор. Унга аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликлари даласидан сизот сувлар оқиб тушиб, катта кўл ҳосил бўлган. Чамаси, қирқ йиллардан буён бу жой фойдаланилмасдан турибди.

Ҳоким ёрдамчиси кўлда зоғора ва африка лаққа балиқлари чавақларини парваришлашни йўлга қўймоқчи. Айни пайтда кўл атрофи қудратли техникалар билан текисланиб, оқар сув киритиш ва бир қисми чиқиб кетиши учун дамба барпо этилмоқда. Келгусида бу ерда балиқчилик кластерини барпо этиш кўзда тутилмоқда. Балиқчилик йўналишининг дастлабки босқичида 20 дан ортиқ кишини иш билан таъминлашни мўлжаллаётган ҳоким ёрдамчиси деҳқончиликка қизиқиш билдирган одамлар хоҳишини ҳам рўёбга чиқариш йўлини топди.

– Маҳаллани айланиб чиққанимда экин майдонлари фермер хўжаликлари ва кластер тасарруфига берилган экан, – дейди Ш. Йўллиев. – Улардан паст унумли, қумлоқ жойдан бўлсада, 20 гектар ер олиб, плёнка остида эртаги тарвуз, қовун етиштирамиз. Пишиб етилган полиз маҳсулотларини узоғи билан май ойигача бозорга чиқарамиз. Бу ерни 50 кишига тақсимлаб бермоқчимиз. Кайран маҳалласидаги 792 хонадонда 4 минг 700 нафардан зиёд киши яшайди. Қўшни маҳалладан келиб, кайранликлар бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтиришга бел боғлаган ҳоким ёрдамчиси барча ишни аниқ ҳисоб-китоб билан юритадиган ўзига тўқ тадбиркор. Қатъиятли инсон.

–Шу маҳаллани ривожлантиришни менга ишониб топширишди, – дейди Ш.Йўллиев. – Ҳудуд билан яқиндан танишиб, аҳоли билан суҳбатлашганимдан сўнг уларнинг бандлик масаласини ечиш учун ўзим сармоя киритиб, иш ўринлари ташкил этишга қарор қилдим. Аҳоли боқаётган товуқнинг ҳам, хотин-қизлар тикаётган кийим-кечак, ёстиқ, кўрпача ва бошқа маҳсулотларнинг ҳам харидори бор. Энди етиштириладиган қовун-тарвузга ҳам харидор тайин. Яқинда дастлабки дўмбоқ жўжаларни аҳолидан қабул қилиб оламиз. Тикувчилик маҳсулотларимиз ҳам бозорда ўз харидорларини топди. Биласизми, кайранликлар интилувчан, меҳнаткаш одамлар экан. Уларнинг келгусида бу ишларни мустақил уддалаб кетишига ишонаман. Мен эса ҳозир маҳаллани ривожлантириб, аҳоли турмуш даражасини оширишда Президентимиз билдирган юксак ишончни оқлаш, аҳолини тадбиркорликка кўниктириш учун ишлаяпман. Одамларнинг янада обод, тўкин яшаши учун қиёфаси тубдан ўзгарадиган янги Кайран маҳалласини барпо этишга ўз ҳиссамни қўшиш йўлида хизмат қиляпман.
 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА