Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каттақўрғонда йилига 500 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади
16:26 / 2024-01-05

2024 йил арафасида мамлакатимизда умумий қуввати 2400 мегаватт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станцияси тармоққа уланди.

Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида учта қуёш электр станциясининг биринчи босқичи барпо этилди. Мазкур компания бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида, хусусан, юртимизда ҳам йирик қуёш, шамол электр станциялари қуриб, бошқариб келмоқда. 

Айни пайтда Каттақўрғон тумани Мейлихўжа маҳалласи ҳудудида қурилаётган ва яқинда тармоққа уланган қуёш электр станцияси ҳам “Masdar”нинг истиқболли лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 январдаги “Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 220 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа учун компания томонидан 180 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. 

Станция учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 438 гектар ер майдонида 452 мингта қуёш панели ўрнатилди. Улар орқали йилига 500 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу 208 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенгдир. 

Ҳозир станция қурилиши ишларида 700 киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисми мазкур ҳудуд аҳолиси ҳисобланади. Иншоот ишга тўла қувватда ишлай бошлагач 30 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Маълумотларга кўра, Каттақўрғон қуёш электр станциясининг ишга тушиши натижасида йилига 152 миллион кубометр табиий газ тежалади, атмосферага 200 минг тонна зарарли газлар чиқиши олди олинади. Тежаладиган табиий газ 63 мингдан зиёд хонадоннинг бир йиллик истеъмолини ташкил қилади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири