Марказий ҳарбий округнинг Каттақўрғон дала-ўқув майдонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида “Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотлари ўтказилди.
Бугунги кунда изчил ривожланиш ва барқарорлик мустаҳкамланиб бораётган Марказий Осиё минтақасида давлатлар ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш, тажриба ва амалий билим алмашинувни йўлга қўйишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борадаги ҳамкорлик нафақат минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, балки умумий тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Қуролли Кучлари иштирокидаги энг йирик ва салмоқли ўқув машғулотларидан бири бўлгани таъкидланди.
[gallery-25847]
“Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотларида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси ҳарбий бўлинмалари иштирок этди. Улар ҳозирги замон жанговар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жанг олиб боришнинг энг самарали услуб ва усулларини қўллаш, узоқ масофалардаги нишонларни ишончли йўқ қила оладиган артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қуроллардан фойдаланиш бўйича маҳоратларини намойиш этдилар. Шунингдек, иштирокчиларнинг ҳарбий соҳа бўйича билим ва интеллектуал қобилияти ҳам синовдан ўтказилди. Ўқув-машғулотлар қатнашчилари қўйилган ўқув-жанговар вазифаларни биргаликда бажардилар ва ўзаро тажриба алмашдилар.
Ўқув машғулотларининг якуний босқичини 20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирларининг биринчи учрашувида иштирок этиш учун юртимизга келган қўшни давлатлар мудофаа вазирлари ҳамда Озарбайжон мудофаа вазири Каттақўрғон дала-ўқув майдонига келиб бевосита кузатдилар. Шунингдек, вазирлар дала-ўқув майдонида машғулотлар учун яратилган шароитлар, жумладан, ерости бирлашган қўмондонлик пункти, дала таъмирлаш заводи фаолияти ва қўлланилаётган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намуналари билан яқиндан танишдилар.
“Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотлари нафақат жанговар маҳорат ва қўшинлар ўзаро ҳамкорлигини ошириш, балки иштирокчи мамлакатлар ҳарбийлари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари