Каттақўрғонда алимент тўламаган отага жиноят иши қўзғатилди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 9 июлдаги қарорида фуқаро Х.Д. ўзининг бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи А.А.нинг фойдасига даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ Х.Д. ўзининг фарзанди таъминотига бефарқ бўлиб, алимент тўловларидан йиғилиб қолган 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган.
МИБ Каттақўрғон бўлими бошлиғи Асрор Элмуродовнинг маълум қилишича, Х.Д. бу хатти-ҳаракати учун жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судининг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Бундан ҳам хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан муттасил, қасддан бош тортиб келганлиги сабабли унга нисбатан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА