Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида шу пайтгача Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида бўлган 13 та педагогика олий таълим ташкилоти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ўтказилди.
Жумладан, Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали Каттақўрғон давлат педагогика институти сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими ўтди.

Каттақўрғон давлат педагогика институти фаолиятини ривожлантириш, илмий салоҳиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар малака ва тажрибасини юксалтириш масалаларига бағишланган йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўроқов Шерзод Раҳмонович мазкур институтга ректор этиб тайинлангани маълум қилинди. Ш.Ўроқов шу пайтгача СамДУ Каттақўрғон филиали директори сифатида ишлаб келаётган эди.

Йиғилишда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи И.Шарипов иштирок этиб, янги ўқув йилидан давлат педагогика институти сифатида фаолият бошлаётган муассасада таълим сифатини ошириш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири