Кўпинча ўқитувчилар ўз синфидаги айрим ўқувчиларни "доска"га чиқишга жалб қилиш қийин эканидан нолиб қолишади. Тўғри-да, ахир "доска" ҳам минбардек гап. 7-8 яшар болани ўша минбарга чиқиб, у ердан бошқаларга қараб гапириши осон бўлмайди.
Ўқувчининг доскага чиқишдан қўрқиши сабаби нимада? Тиришқоқ болаларни тарбиялаш учун нималарга эътибор бериш керак? Мавзу юзасидан соҳа мутахассисларининг мулоҳазаларини ўргандик.
Сожида АБДУЛЛАЕВА, Бектемир туманидаги 290-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:
– Иккинчи синф ўқувчиларига дарс бераман. Синфимда 30 нафар бола бор. Кўпларининг исмини айтиб чақиришим билан бошқача бўлиб қолишади. Аслида улар билимли, қобилиятли болалар. Улар партада ўтирганида ҳамма топшириқларни кўнгилдагидек бажаради, аммо доскага чақирсам, ўрнидан туриб, фикрини ифодалаб беролмайди. Унда қандайдир қўрқув бор.
Бунинг сабаби ҳақида кўп ўйлайман. Биз уйда болаларимиз бирор мавзуга фикрини билдирмоқчи бўлса, "катталар олдида гапирма, уят бўлади", деб ўргатамиз. Ёш боланинг онгида "уят бўлади", деган фикр қотиб қолади. Яна бир томони боламиз нотўғри фикр айтса, хатосини тўғрилаш ўрнига дакки берамиз. Бу ҳам нотўғри. Болалар нотўғри фикр айтиб қўймай, деган қараш билан доскага чиқишдан чўчишади.
Бундай болалардаги қўрқувни енгиш учун уларнинг бошини, елкасини силаб, қўлларидан ушлаб далда бериш лозим. Қаттиқ гапирсангиз ёки доскага чиқасан, деб шарт қўйсангиз, баттар қўрқиб қолишади.
Яна бир услуб, синфда маҳмадона, кўп гапирадиган ўқувчилар билан камгап, тортинчоқ болаларни битта гуруҳга жамлаб қўйиш. Камгап ўқувчи сергап ўртоғидан гапиришни ўрганса, маҳмадоналар шеригига қараб, сал камроқ гапиришни, оғир-босиқликни ўрганишади.
Дурдона ҚЎЧҚОРОВА, Чилонзор туманидаги 178-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси:
– 3-синфларга дарс бераман. Ҳозир деярли синфимда доскадан қўрқадиган болалар йўқ. Чунки мен ўқувчиларимнинг фикрлашига нисбатан ҳеч қандай чегара қўймайман. Ҳатто нутқида камчилиги бор болани ҳам доскада истаганича гапиришига қўйиб бераман. Ўқувчилар асосан хато қилдинг, нотўғри жавоб бердинг, деган фикрдан қўрқишади. Мактаблардан айнан мана шу жумлаларни олиб ташлаш керак.
Болаларни доскага чиқишдан уялмайдиган, чўчимайдиган қилиб тарбиялаш учун уларнинг нутқ технологиясини ривожлантириш устида кўпроқ ишлашимиз керак.
Мисол учун, болалардан шеърни тушунишни эмас, ёдлашни, ифодали ўқишни талаб қиламиз. Аслида шеър, бу – тушуниш дегани. Уларни ифодали ўқишга ўргатяпмизу, шеърнинг маъносини тушунтириб беришга ўргатолмаяпмиз.
Агар биз ўқувчиларимиз нутқини ривожлантириш устида кўпроқ бош қотирсак, доскадан қўрқмайдиган ўқувчиларни тарбиялаймиз. Бу эса эртага мамлакатдаги энг зўр депутат, энг зўр вазирни етиштирдик, деганимиз.

Муаттар СОДИҚОВА, психолог:
– Болада 3 ёшидан «мен» деган тушунча шаклланади. Ўша пайтда у ҳамма нарсага қизиқувчан, савол берадиган бўлиб қолади. Кўпгина ота-оналар боланинг саволларидан безиб, "жим ўтир, кўп гапирма, уят бўлади", деган талабларни қўяди.
Болада ўз-ўзидан қўрқув ҳисси уйғонади. У мактабга чиққанидан сўнг ўқитувчиси томонидан нотўғри ёздинг, жавобинг хато, деган гапларни эшитаверса, уйида олган қўрқув янаям кучаяди. Ўқувчиларни доскага чиқишдан қўрқишларининг энг биринчи сабаби, оила муҳитида бошланган қўрқув.
Доскадан қўрқмайдиган болаларни тарбиялаш учун ўқитувчи энг аввало болага рағбат бериши керак. Унинг камчилик ва хатоларини қўрқитиб эмас, мулойимлик билан тушунтириши зарур. Психологияда чап ва ўнг ярим шар деган қоида бор.
Чап ярим шар боланинг кўриб, таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиради. Ўнг ярим шар эса нутқ маданиятини ривожлантиради. Ҳозир бизда ана ўша ўнг ярим шар қоидаси унчалик ишламаяпти.
Аксарият болалар дарсларини телефондан фойдаланиб қилади. Агар бола кўп китоб ўқиса, унинг нутқи ривожланади ва нафақат доскадан балки, ҳеч қандай даврада фикри нотўғри бўлиб қолишидан уялмайди. Шу боис болаларни кўпроқ китоб ўқишга жалб қилишимиз зарур.
Мавзу доирасида яна кўплаб мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладик. Барчаси долзарб ва фойдали. Ҳамма гап эса уларни амалга татбиқ қилишда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА