Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Катта жиноятлар кичик қонунбузилишлардан “туғилади"​
20:02 / 2020-03-12

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, жиноят содир бўлгунга қадар унинг олдини олиш асосий вазифа сифатида кун тартибига чиқмоқда.

​Коррупция – тараққиёт кушандаси

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, жиноят содир бўлгунга қадар унинг олдини олиш асосий вазифа сифатида кун тартибига чиқмоқда. Порахўрлик давлат ва жамият ҳаётининг нормал фаолият кўрсатишига халақит беради, унинг обрўсини туширади, ижтимоий адолатга бўлган ишончни сўндиради, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келади.

Пора олиш ва бериш, коррупциянинг бошланиши, сабаблари, натижалари хусусида Тошкент вилояти маъмурий суди судьяси, юридик фанлари номзоди Исматулла МАМАНОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Коррупция ва пора – бир-бирига яқин тушунчалар бўлиб, коррупция порага сотилиш ёки пора олиш орқали ҳаракатга келади, – дейди И.Маманов. – Яъни “коррупция” лотинча сўздан олинган бўлиб, айниш, порага сотилиш каби маъноларни англатишини кўпчилик яхши билади. Коррупция мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланиб, ўзининг манфаатларини кўзлаб, ахлоқ ва одоб қоидаларини бузган ҳолда амалга оширган жиноий ҳаракатлари йиғиндисидир. Ва бу жиноий ҳаракатлар пора олиш воситасида амалга оширилади.

Содда тилда айтганда, пора иш битказиш йўлидир. Коррупция турли йўналишларда намоён бўлади. Унинг бошланиши кичик, аммо энг хавфли кўринишда – маиший коррупциялар ҳолатида кунда, кунора учраб туради.

Пора берасиз – фарзандингиз боғчага, ўқишга, ишга киради. Пора берасиз – банкдан кредит оласиз. Пора берасиз – ишга қабул қилинасиз, лавозимларга кўтариласиз...

Аста-аста майда порахўрликлардан илдиз отган коррупция ортидан бошқа йирик: талон-тарож қилиш, контрабанда, одил судловга қарши, божхона, солиқ соҳасидаги ва бошқа жиноятлар содир бўлади. Катта жиноятлар кичик-кичик қонунбузилишларининг тўпланиши ва уларга чора кўрилмаслиги оқибатида юзага келади.

Шу тариқа ҳамма соҳада, барча тоифа ва йўналишларда ўзига хос пора мавжуд. Тўғри, олиш-бериш усули ҳар хил, номи ҳар хил, лекин моҳияти битта – пора, коррупция.

Пора олиш, пора бериш ёки мазкур жиноятларда воситачилик қилиш порахўрлик дейилади. Гарчанд у коррупцияга қараганда торроқ тушунча бўлса-да, айнан коррупция аталмиш иллатнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Қонунчиликда коррупция ва порахўрлик жиноятлари учун мулкий манфаат кўришнинг ёки моддий қимматликлар олишнинг минимал миқдори кўрсатилмаган. Бироқ, етказилган зарарнинг миқдори белгиланган.

Булар, кўп миқдор – базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача, кўп бўлмаган зарар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 100 бараваригача.

Жуда кўп зарар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдордаги зарар. Жуда кўп миқдор – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор тушунилади.

Коррупция жиноятлари учун жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.

Коррупция фақат мансабдор шахслар ёки амалдорлар томонидан содир этилади, деган қарашлар мавжуд. Мен айтган бўлардимки, танганинг икки томони бор. Ундан ташқари қарс икки қўлдан чиқади.

Шундай вақтда бир савол ўртага чиқади. Ким айбдор? Берувчими, олувчи? Бирини оқлаб, иккинчисини қоралаш хато бўларди. Бири бермаса, иккинчиси олмайди. Униси оламан демаса, буниси бермайди. Шундай эмасми? Икки томон ҳам “оппоқ” эмас, улар теппа-тенг айбдор ва қонунда жавобгарлик бир хил.

Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқи, бурчлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларининг устунлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги, ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг олдини олиш бўйича чораларнинг устунлиги ва масъулиятни ҳис этишдир.

Лоббизмчи?

Коррупция ҳақида сўз кетганда, унинг кичикми ёки катта эканидан қатъий назар уни ҳаракатга келтирувчи омил бу – шахсий манфаатдир. Юқорида кичик, майда, ҳатто хавфли коррупция ҳақида тўхталдик. Ундан ташқари, лоббизм деган коррупциявий ҳолатлар мавжуд. Лоббизм деганда қудратли иқтисодий кучлар ёки гуруҳларнинг давлат ва унинг сиёсатига тазйиқ ўтказиши тушунилади. Хусусан, норасмий гуруҳларнинг парламентнинг айрим депутатлари билан ўзаро тил бириктириб, қонунларни муайян шахслар ёки гуруҳлар манфаатига мослаб қабул қилишга эришиш ҳам лоббизмдир. Бу парламент аъзолари ва ҳокимият вакилларини “сотиб олиш”, уларга босим ёки тазйиқ ўтказиш орқали амалга оширилади. Шу боис бу давлат сиёсатига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

ЎзА мухбири 
Барно МЕЛИҚУЛОВА
ёзиб олди.