Бали вилоятининг маркази – Денпасар шаҳри 15-16 ноябрь кунлари ўтадиган “G20” меҳмонларини кутиб олишни бошлади.
Саммит ишини ёритиш учун икки мингдан зиёд чет эллик журналист аккредитациядан ўтган. Оролнинг курорт зоналаридан биридаги меҳмонхонада матбуот маркази ташкил этилди. Ҳар бир журналист учун алоҳида компьютер ажратилгани билан бошқа нуфузли халқаро анжуман матбуотчиларига яратилган шароитдан фарқ қилади, дейишмоқда.
Мамлакатда, айниқса, Балида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Орол хавфсизлигини таъминлашга 18 мингдан ортиқ ҳарбийлар ва полиция ходимлари жалб қилинган. Денгиз ва ҳаво хавфсизлигини узлуксиз таъминлаш учун 12 та ҳарбий кема, 13 та вертолёт ва тўртта қирувчи “Su-27” ва “Su-30” самолёт ажратилган.
Бундан ташқари, Оролда 1,7 мингдан зиёд кузатув камералари ишлаётгани ҳақида хабар берилди.
Индонезия ҳукумати, шунингдек, 2004 йилда Сумарта ороли яқинида содир бўлган зилзила оқибатида юзага келган цунами 170 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган фожиани эслаб, эҳтимолий табиий офат таҳдидига тайёргарлик кўрди. Бир ярим минг кишилик махсус тезкор гуруҳ кўнгилсизликка учраганларнинг илк ёрдамчиси бўлади. Уларнинг асосий вазифаси табиий офат содир бўлган тақдирда тезкор эвакуация тадбирларини амалга оширишдан иборат.
Аброр ХОН, ЎзА