Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Катта дубулға» бошланишига уч кун қолди, унда 73 давлатдан 521 дзюдочи рўйхатдан ўтган
15:51 / 2021-03-02

Халқаро дзюдо федерацияси мусобақа бошланишига тўрт кун қолганда унда иштирок этувчилар сонини эълон қилди. Пойтахтимиз мезбонлик қиладиган йирик турнирда иштирок этиш учун 73 давлатдан 521 дзюдочи рўйхатдан ўтган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг сони 50 нафардан ортиқни ташкил этяпти. Регламентга кўра, мусобақа мезбони ҳар вазнга 4 нафардан вакилини киритиш имкониятига эга. Бундай имкониятдан терма жамоамиз деярли тўлиқ фойдаланмоқда ва 51 нафар дзюдочимиз рўйхатдан ўтказилди.

Улар орасида баъзи кутилган ва кутилмаган номларни ҳам учратиш мумкин.

Мусобақани ўтказиб юборадиган дзюдочиларимиз орасида Диёрбек Ўразбоев, Шаҳрам Аҳадов, Муҳаммадкарим Хуррамов, Бекмурод Олтибоев каби таниқли вакилларимиз бор. Рио-2016 Олимпиадаси совриндори Ўразбоев Тел-Авив турниридан сўнг -66 кг вазн тоифасига ўтишга қарор қилди ва ҳозир янги вазн тоифасига тўла тайёр бўлмагани учун ёшларга имкон берилмоқда. -73 кг вазнга ўтган Шаҳрам Аҳадов тиззасидаги жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмагани учун мусобақани ўтказиб юборса, Исроилда кичик жароҳат олган Хуррамов ҳозирда тикланиш даврида. Афсуски, мусобақа бошланишига бир неча кун қолганида оғир вазнли полвонимиз Бекмурод Олтибоев қўлидан жароҳат олиб жамоамиз «лазарет»ига тушди.

Шу ўринда узоқ танаффусдан сўнг Япония жамоаси ҳам мусобақаларга қайтаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кунчиқар юрт вакиллари 11 нафар дзюдочи билан Тошкентга ташриф буюришади ва уларнинг 5 нафари Олимпия ўйинларида иштирок этадиган таркиб дзюдочиларидир. Шунингдек, сўнгги кунларда рўйхатга киритилган италиялик Олимпиада чемпиони Фабио Басиле ҳам «Ҳумо арена»да курашади.