Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Катта авлод радиожурналистларининг ижод йўли ўзига хос мактаб
17:12 / 2023-05-26

Бугунги даврда катта авлод радиожурналистларининг ижод йўли ўзига хос мактаб ҳисобланади.

85 ёшни қаршилаган самарқандлик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, умрининг 60 йилини матбуот соҳасига бағишлаган Облоқул Усмонқулов ижодий портретини шунчаки гавдалантириб бўлмайди. Пайариқ туман газетасида оддий корректорликдан иш бошлаган бу тиниб-тинчимас ижодкор узоқ йиллар вилоятдаги “Зарафшон” газетасида мухбир, масъул котиб ва турли лавозимларда меҳнат қилди. Ҳали телеканал дастурлари ҳаминқадар мамлакат бўйлаб узатилган бир пайтларда “Ўзбекистон” радиосининг тингловчилар қалбидан ўрин олишига ҳисса қўшди. Оз эмас, 40 йилдан ортиқ Облоқул Усмонқуловнинг турли соҳа ходимлари, чўпонлару қишлоқ муаллимлари, кончилару, деҳқонлар ҳаётидан тайёрлаган эшиттиришлари тингловчилар кўнглидан жой эгаллади.

“Суюнчи” фильмидаги таниш овоз

Кўпчиликка яхши таниш “Суюнчи” фильмининг бошланиш эпизодини бир томоша қилинг. Оддий қишлоқ ҳаёти. Деворда осиғлиқ радиодан таниш мусиқа ва дикторнинг овози эшитилади. “Чорвадор” дастурининг чорлов мусиқаси янграгач, бошловчи: “Энди сўз Самарқанд вилоятидаги мухбиримиз Облоқул Усмонқуловга”, дея эълон қилади. Кейин Облоқул аканинг таниш овози эфир узра жаранглайди. У киши чорвадорларнинг кундалик ҳаётидан ҳикоя қила бошлайди. Кўпларда журналистика касбига меҳр шундан уйғонган бўлса, ажабмас. Яқин тарихга қадар давом этган Ўзбекистон радиосининг иш жараёни ҳақида ҳозирги авлод деярли билмайди. У пайтлар ҳар бир вилоятда Ўзбекистон радиосининг мухбирлик пунктлари бўлган. Вилоят мухбири радио интервью учун оғир аппаратни кўтариб, анжуманлару, турли соҳа ходимлари ҳаётидан лавҳалар тайёрлаш учун югуриб юрар эди. Ёзиб олинган интервью магнит тасмасига кўчирилар, кейин у тасмани мухбир автовокзалга олиб бориб Тошкентга жўнатиб юборар, Тошкентда телерадиокомпаниянинг транспортида кутиб турган шофёр тезкорлик билан радионинг мухбирлар тармоғига етказар эди. 

Мухбирлар тармоғидан муҳарририятга журналистик маҳсулот узатилар, гоҳида хабарлар телефонда айтилиб, ёзиб олинар, кейин у машинкада саҳифаланарди. У пайтлар радио эшиттиришларда бир соатлик тематик ва энг сўнгги ахборотлар узатилар эди. Облоқул Усмонқулов тенги авлод шу тарзда меҳнатдан қочмай, вазифасини ҳалол бажарди. Гарчанд оддий тарзда иш юритган бўлсада,  меҳнати билан эфир ортидаги тингловчи эътиборини қозонди. Чўпон-чўлиқлар, оддий ишчи, боғбон, археологдан тортиб геологгача, қишлоқ қаҳрамонларини кашф этди. Касбига меҳрини аямади.

Озод Шарафиддиновнинг шижоатли абитуриенти

Облоқул Усмонқулов қўш дипломли журналист. У киши бир неча уринишдан сўнг ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетида, кейинроқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида таҳсил олди. Пайариқ туманида газетада корректорлик лавозимида ишлаб юрган йиллари журналистика факультетига бир неча маротаба киролмайди. Бир сафар эса ижодий имтиҳондан ёзилган иншосини кимсан, Озод Шарафиддинов ўқиб, ҳайъат аъзоси сифатида баҳо бераркан: (иншо Абдулла Қаҳҳорнинг бир асари ҳақида бўлади) “Бу иншо асардан очиқчасига кўчирилган, ахир асарнинг деярли барча сўзлари мавжудку?", дейди қатъий. Аслида асар кўчирилмаган, зеҳни ўткир абитуриент Облоқул Усмонқулов асар матнини деярли ёдлаб олган экан. Ҳайъат аъзоларининг эътирозидан хафа бўлган Облоқул Озод домланинг уйини қидириб топади. Қисқа салом аликдан сўнг, Облоқул Усмонқулов асар матнини қоғозга қарамасдан домлага айтиб беради. Бундай хотира ва зеҳнни кўрган Озод Шарафиддинов ҳангу-манг бўлиб, ”Талант экансанку”, дея бу иқтидор соҳибига тан беради. Уларнинг устоз шогирдчилиги кейин ҳам узоқ давом этади.

“Мен бу ҳақда таъсирланиб бир мақола ҳам ёзган эдим, –  дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Анвар Абдувалиев. – Облоқул Усмонқуловнинг синчковлиги, хотираси мустаҳкамлиги кўп йиллик радиожурналистлик фаолиятида бизни ҳам лол қолдирган. Ўша пайтларда ҳам димоғдор раҳбарлар анжуманда бир марта гапирган. Суҳбатдошнинг фикрини аниқ ёритиб бериш керак эди. Тайёрлаган лавҳа, суҳбатларида ҳамиша рақамлар аниқ ва тезкор, ўз иш услубига эга ижодкорлиги билан ажралиб турган".

Касбга садоқатни ҳис этиб...

Облоқул Усмонқулов Самарқанд вилоятида радиожурналистларнинг ўзига хос мактабини ҳам шакллантирди. Таниқли журналистлар Абдумурод Исматов, Омон Йўлдошев, Нурулла Остонов, Тожиддин Қамаров, Убайдулла Қўчқоров, Алишер Умидов, Алишер Ризаев, кейинги авлод вакиллари Дилмурод Исматов, Нодир Жўрамуродов, Нуриддин Болиев, Умида Мамадалиева ва бир қатор ёшлар Самарқанд радиожурналистикасида Облоқул Усмонқулов мактабини давом эттиришмоқда.

Облоқул Усмонқулов Самарқандда “Нуроний” студиясида фахрийлар нуронийлар ҳаётига бағишланган туркум кўрсатувлар тайёрлаб, уларнинг қувонч ва ташвишларидан четда турмади. Ҳозирда у киши табаррук 85 ёшда, соғлиқ ва омонлик ҳамиша ёр бўлсин!

 

Ўлжабой Қаршиев