Испания мухторияти - Каталониянинг Виланова-и-ла-Желтру шаҳридаги кимё заводида шанба куни эрта тонг йирик ёнғин содир бўлди. Компания омборидаги 70 тоннага яқин хлор ёниши натижасида заҳарли булут ҳосил бўлган.
"Euronews" хабар беришича, 160 мингга яқин одам хавфли ҳудудга тушиб қолган. Расмийлар уларни уйда ёки ишда қолиш, эшик ва деразаларни маҳкам ёпиш ва ҳаво совутгични ўчиришга чақирди.
Ҳудудга ўнлаб ўт ўчириш техникаси, қутқарув гуруҳлари жўнатилди. Тиббий ходимлар тўлиқ ҳушёр ҳолатда. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Каталония ўт ўчирувчилари қўшни саноат биноларига тарқалгунча, ёнғинни тўхтатишга муваффақ бўлинганини маълум қилди. Фуқаро мудофааси хизмати шамол туфайли заҳарли булут денгиз томон кўчиши мумкинлиги ва шунинг учун аҳоли зич жойлашган ҳудудларда хавф пастлигини таъкидламоқда.
Маҳаллий муниципалитетлар, биринчи навбатда, ёнғин хавфсизлиги масъуллари ишини осонлаштириш учун очиқ ҳавода ўтказиладиган спорт мусобақалари, ижтимоий тадбирларни бекор қилди, бир қатор магистрал йўлларни ёпди.