Катакда етиштирилган “каннабис”
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган “каннабис” ўсимлиги етиштирган аёл жавобгарликка тортилди.
Гап шундаки, Қамаши туманида яшовчи 1992 йилда туғилган, ҳеч қаерда ишламайдиган Б.Х. яшаш уйи ҳовлисидаги парранда боқиш учун мўлжалланган катаги ичидаги ерга етиштирилиши тақиқланган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги уруғларини сепган ва 2 туп соф оғирлиги 270,3 грамм бўлган “каннабис ўсимлиги”ни етиштирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган “Қорадори – 2023” тадбири давомида ушбу жиноят фош этилган.
Фуқаро Б.Х. суд томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири