Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кассация суди қарори билан тадбиркорга солинган 102 миллион сўм жарима 3,4 миллион сўмга туширилди
15:54 / 2024-08-20

Судларда юқори инстанциялар фаолияти йўлга қўйилгани қуйи судлар томонидан чиқарилган айрим қарорлардаги хатоликларни бартараф этишга имкон бермоқда.

Айнан шундай бир ҳолат ҳақида Тошкент шаҳар суди Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош консультанти Зокиржон Қўзибоев қуйидагиларни сўзлаб берди:  

– Жиноят ишлари бўйича туман судининг қарорига кўра, Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг қарори билан тадбиркор Б.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 102 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.  

Табиийки, бундай катта жаримадан тадбиркор норози бўлган. У кассация тартибидан судга мурожаат қилиб, ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўради.  

Мазкур иш Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида судья О.Муҳаммадиев томонидан кўриб чиқилди.  

Иш ҳужжатларига кўра, Б.А. томонидан 38 кв.м. ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, у ерда ноқонуний қурилма барпо этган.  

Кассация шикоятида тадбиркор биринчи инстанция суди ва кадастр хизмати вакиллари иш ҳолатига аниқлик киритмаганини, ҳолатни текширишмаганини ва асоссиз қарор қабул қилингани ҳақидаги важларни келтириб, тайинланган жарима жазосини бекор қилишни сўраган.  

Маъмурий жавобгарликка тортилган Б.А.нинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айбини тасдиқловчи ҳужжатлар иш ҳужжатларида мавжуд бўлиб, ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари МЖтК 60-моддаси 3-қисми билан тўғри квалификация қилинган. Бироқ кассация суди туман судининг жавобгарлик ва жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни тўлиқ ўрганиб чиқмаган, деб топди.  

Б.А. муқаддам маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилмагани, тадбиркорлиги, ҳозирда ушбу ноқонуний қурилма тадбиркор томонидан бузилиб, ҳуқуқбузарлик бартараф этилгани, бу ҳақда далолатнома тузилгани, аслида ушбу мулк унга ҳоким буйруғи ва кадастр ҳужжатлари асосида тегишли бўлиб, ўз ҳудудига туташ ҳудудни обод қилиш мақсадида эгаллагани, ушбу ҳудуддан ғараз ёки фойда олиш мақсадида эгалламагани аниқланди.  

Мазкур енгиллаштирувчи ҳолатлардан келиб чиқиб, кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилиб, Кадастр агентлиги туман бўлимининг қарорини ўзгартирди.  

Б.А.га ушбу модда билан МЖтК 33-моддасини қўллаб, энг кам жарима жазосидан ҳам камроқ миқдорда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 3,4 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.  

Н.Абдураимова, ЎзА