Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каспий денгизи бўйида ҳилпираган Ўзбекистон байроғи
12:49 / 2019-10-08

Қозоғистон Республикасининг энг чекка шаҳарларидан бири бўлган Актау шаҳри ривожланиб бораётган замонавий кент.


2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили

Қозоғистон Республикасининг энг чекка шаҳарларидан бири бўлган Актау шаҳри ривожланиб бораётган замонавий кент. Унинг ўзига хослиги шундаки, у гўзал Каспий денгизига туташ.

Бу шаҳарга келишни бежиз танламадик. Чунки бу ерда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан Ўзбекистоннинг яна бир бош консуллиги очилди. Бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга яна бир замин яратди.

Бир қарашда поёни йўқдек туюладиган уммонга боққан кишининг руҳияти кўтарилиб, бир-бирини қувлаётган тўлқинлардан кўз узгиси келмайди. Денгиз бўйида қад ростлаган осмонўпар ойнаванд биноларда ҳам кўм-кўк сув аксини кўрасиз. Сал юриб, икки қаватли ихчам ва чиройли бинолар бўйлаб кетарканмиз, нафақат кўзларим, балким қалбим қувнаб кетадиган ҳодиса юз берди! Чунки виқор билан ҳилпираётган Ўзбекистон байроғига кўзим тушди!

Ватан байроғи! Унинг ўзга юртда қадри бошқача бўлади. Буни юртдан олисда юрганлар яхши билади.

Актауда, Каспий денгизи бўйида Ўзбекистон байроғи ҳилпираётганига бор-йўғи бир ойдан ошди.

Аммо мана шу қисқа муддат ичида бу байроқ жуда кўплаб одамларга ифтихор, қувонч, ишонч, умид байроғи бўлиб ҳилпираб турибди. Боиси табиий бойликлар, яъни нефть ва бошқа ер ости бойликлари бисёр бўлган, бир сўз билан айтганда, бу “бой шаҳар”га келиб ишлайдиганлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Шу жумладан, Актауда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам анчагина.

Актау жуғрофий жойлашуви бўйича Тошкент шаҳрига қарийб 2,5 минг чақирим олисда жойлашган. Қозоғистоннинг марказий шаҳарлари Нур-Султон, Олмаота шаҳарларига ундан ҳам узоқ масофада. Масалан, оддий йўловчи поездда йўлга чиқса, Олмаотага уч кунда етиб боради.

photo5251417708245921759.jpg

Энди тасаввур қилинг, Актауда ишлайдиган фуқаро бирор муаммога дуч келганда қанчалик қийналганини. Чунки илгари фақат Олмаотада Ўзбекистон консуллиги бор эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани туфайли ҳозир Қозоғистоннинг уч шаҳрида ваколатхона мавжуд.

– Консуллигимиз Қозоғистоннинг Мангистау, Атрау, Актобе, Ғарбий Қозоғистон округлари бўйича хизмат кўрсатади, – дейди Ўзбекистоннинг Актаудаги бош консули Нодир Турғунов. – Ушбу ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятига нисбатан яқин бўлгани учун ушбу ҳудудлардан кўплаб фуқаролар келиб меҳнат қилмоқда. Уларнинг меҳнат шароити, соғлиғи, яшаш жойи, ҳужжати бўйича муаммолар чиқиб туриши табиий ҳол. Консуллик очилиши билан, аввало, фуқароларга бу ҳақда хабар бериш мақсадида улар ишлайдиган, яшайдиган, ўқийдиган ҳудудларга бориб, маълумот беришга ҳаракат қилдик. Интернет орқали тарғибот ишларини йўлга қўйдик. Фуқароларимиз муаммога дуч келса бизга мурожаат қилишни ўрганди. Бир ойда юзга яқин паспортини йўқотган юртдошларимизга уйларига қайтиш учун ҳужжат тайёрлашга кўмаклашдик. Авваллари бундай муаммога йўлиққан юртдошимиз Олмаотага боришга имкон топа олмай, ҳужжатсиз бирор иш қила олмай кўплаб қийинчиликларга дучор бўлган.

Консуллик жойлашган бинони кўздан кечирарканмиз, бу ерда кўзга ёқадиган нафақат байроғимиз, балки Ватан ҳақида сўзловчи узум ишкомлари, Тошкентдан олиб бориб экилган қизил атиргуллар, ҳатто кашнич майсалари ҳам бор ва улар юрт ҳақида сўзлаб туради.

Консулликка кириб келаётган одам борки, шуларни кўриб ҳам дили яйрайди.

Шу ерда Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманидан бўлган Ганжамурод Шарапатов билан суҳбатлашиб қолдик. Унинг айтишича, 2010 йилдан бери Актауда ишлар экан. Паспортини йўқотиб қўйгани учун консулликка келибди.

Консуллик ходимлари унга беш кун ичида муаммоси ҳал бўлишини айтишди. Ҳолбуки, авваллари бундай кишилар муаммони ҳал қилиш учун ойлаб овора бўлишган.

Консулликда нафақат фуқароларга шу каби амалий кўмак бериш, балки икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий, туристик алоқаларни ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда яна аниқ ва батафсил маълумотлар берамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!