Россия Федерациясининг Астрахань шаҳрида «Каспий-2023: барқарор ривожланиш йўллари» III Халқаро илмий форуми бўлиб ўтди.
Форум фан-таълим, талабаларнинг медиа салоҳиятини ошириш, маданиятлараро мулоқот учун ягона алоқа майдончасини яратиш, Каспийбўйи ва МДҲ мамлакатлари ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилиш ва уларга ечим топишга қаратилган бўлиб, бу келгусида тадбиркорлик, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, талабалар туризми ва бошқа йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга оширишга ёрдам беради.
Форум давомида “Ёш кадрлар захирасини баҳолаш ва ривожлантириш”, “Фан экологик таҳдидлар қаршисида: иқлим ўзгаришларига мослашиш имкониятлари” мавзуларида сессиялар, “Ёшлар ҳамжамияти макроҳудуднинг ёшлар ва ижтимоий сиёсати асоси сифатида” мавзуида муҳокама майдончаси, “Ўзгарувчан дунёда халқаро ёшлар ташаббуслари” мавзуида стратегик панель муҳокамаси, турли хил қизиқарли ва долзарб ялпи муҳокамалар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказилди.
Форумда бугунги фан ва таълим, уларни МДҲ мамлакатлари билан ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шу жиҳатдан, В.Н.Татишев номидаги Астрахань давлат университети ва Урганч давлат университети ўртасида алоқалар йўлга қўйилганини қайд этиш жоиз. Форум иштирокчиларига университет фаолияти, олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳақида маълумот берилди.
Форумнинг алоҳида муҳокама майдончаси “Каспийбўйи мамлакатлари медиа маконида журналистика” масалаларига бағишланди. Унда МДҲ, Каспийбўйи мамлакатлари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда медиамутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар ўртасида мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида ягона мулоқот майдонини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, кўп миллатли минтақа шароитида медиа соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, халқ дипломатияси, замонавий медиатрендлар, академик ва илмий ҳамкорлик, медиа хизматлари ва медиа лойиҳаларнинг иш тажрибаси, медиа маркетингнинг асосий воситалари каби масалалар муҳокама қилинди.
Ушбу долзарб муҳокамада МДҲ, Каспийбўйи мамлакатлари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда медиа соҳасида мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, медиа хизматлар вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар форумнинг маданий дастури доирасида Астрахань Кремли (Оқ шаҳар), Давлат бирлашган тарихий-архитектура музей-қўриқхонаси, Б.М.Кустодиев уй-музейи, Ҳарбий шараф музейи ва ушбу қадимий шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, ҳашаматли Опера ва балет театрида «Жизель» спектаклини томоша қилди.
Гўзал МАҲМУДОВА,
ЎзА