Кеча Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирнинг Чисоти ҳудудида кучли ёғингарчилик кузатилди ва натижада 56 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолди, деб ёзмоқда “Al Jazeera” нашри.
Жамму ва Кашмир федерал минтақаси раҳбари Умар Абдулла вазиятни “даҳшатли” дея таърифлаб, барча тафсилотлар кейинроқ маълум қилинишини айтди.
Хабарга кўра, табиий офат оқибатида 80 киши бедарак йўқолган, 300 киши қутқарилган, оғир яраланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга ётқизилган.

– Мен камида 15 нафар шахснинг маҳаллий касалхонага олиб кетилганини гувоҳи бўлдим, -дейди “Атҳоли” қишлоғида яшовчи Сушил Кумар.
Ҳудуддаги ҳарбий бўлинма комиссари Рамеш Кумарнинг айтишича, кучли ёмғир маҳаллий вақт билан тахминан 11:30да ёғишни бошлаган. Айни пайтда полиция ва фавқулодда хизмат ходимлари шу ерда, қолаверса, ҳаво кучлари бўлинмалари ҳам сафарбар қилинган.
– Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, -деди Кумар “ANI” ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Ҳиндистон Метеорология хизмати ушбу ёғингарчилик бир соат ичида 100 ммдан ошганини ва бу ҳолат тоғли ҳудудларда тошқин ва кўчкиларни юзага келтиришини маълум қилди. Шунингдек, Кашмирнинг бир қанча қисмларида, жумладан, Киштварда яна кучли ёғингарчилик кузатилиши ҳақида аҳолини огоҳлантирди.
– Жабрланганларга ҳар қандай ёрдам кўрсатилади, -деди мамлакат бош вазири Нарендра Моди.

Ўтган ҳафта ўлканинг Уттаракхан штатида ҳам худди шундай фалокат бутун бир қишлоқни вайрон қилган эди.
Ушбу минтақада муссон ёмғирлар мавсумида яъни, июндан то сентябрь ойигача сув тошқинлари ва кўчкилар тез-тез содир бўлиб туради.
Ў.Алимов, ЎзА