Жиззах вилоятида касбий таълим муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масалалари амалий муҳокама марказида бўлди. Шу мақсадда Мирзачўл туманида касбий таълим ташкилотларида бюджетдан ташқари тушумлар ҳолати ва 2026 йилга мўлжалланган режаларга бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят касбий таълим бошқармаси тасарруфидаги техникум раҳбарлари ва молиявий мутахассислар иштирок этишди. Семинар давомида таълим муассасаларининг қўшимча даромад манбаларини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий интизомни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жиззах вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида касбий таълим тизими олдига қўйилган вазифаларга тўхталиб, таълим сифатини ошириш билан бир қаторда муассасаларнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади.
Шунингдек, 2025 йилда бюджетдан ташқари тушумларнинг амалдаги ҳолати ва келгуси йил режалари юзасидан таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Даромад манбаларини диверсификация қилиш, ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш масалалари иштирокчилар эътиборида бўлди.

Семинар доирасида Мирзачўл тумандаги 2-сонли техникумнинг тажрибаси тақдим қилиниб, бюджетдан ташқари тушумлар бўйича амалий натижалар ва аниқ режалар иштирокчиларга намуна сифатида кўрсатилди.
Якунда касбий таълим муассасаларида молиявий барқарорликни кучайтириш, қўшимча даромад манбаларини ошириш ва 2026 йил режаларини самарали амалга ошириш бўйича аниқ хулосалар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири