Бугунги глобаллашув ва илм-фан тараққиёти шароитида хорижий тилларни пухта ўрганиш ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Шу маънода, немис тилини чуқур ўрганиш ва уни таълим тизимига самарали жорий этиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Гёте институти директори Анна Бернсмайер ҳамда институтнинг Шарқий ва Марказий Осиё минтақаси бўйича тил бўлими раҳбари Таня Олбрих билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистонда немис тилини ўқитишни такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, таълим муассасаларини замонавий дарслик ва техник воситалар билан таъминлаш, шунингдек, туризм ва меҳмонхона хўжалиги техникумлари билан ҳамкорликда Германияда амалга оширилган тажрибалар муҳокама қилинди.

Вазир Қўнғиротбой Шарипов мамлакатимизда немис тилига бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётганини таъкидлаб, Гёте институти билан ҳамкорликда янги ўқув дастурлари ва малака ошириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётганини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш ва касбий таълим йўналишида қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан келишиб олди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА