Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбий таълим – келажак пойдевори: Ўзбекистонда янги тизим қандай ишламоқда?
21:51 / 2026-02-23

Мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш ва меҳнат бозорига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ёшларда амалий кўникмалар ва замонавий компетенцияларни шакллантириш, касбга йўналтириш самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капитали салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган.

Фармонга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилди. Агентлик фаолияти ёшларнинг амалий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Шу билан бирга, тизимда шаффофлик, сифат ва натижани таъминлаш орқали касбий таълимнинг жамиятдаги нуфузини ошириш ҳам асосий мақсадлардан биридир.  

Ҳозирда Касбий таълим агентлиги томонидан соҳани модернизация қилиш, дуал таълимни кенг жорий этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда етакчи халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда.

Мисол учун, Швейцариянинг Helvetes Swiss Intercooperation ташкилоти билан ҳамкорликда 2021–2025 йилларда амалга оширилган VЕТ4UZ лойиҳасининг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди. Умумий қиймати 12,5 миллион Швейцария франки бўлган лойиҳа доирасида дуал таълимда хусусий сектор иштироки кучайтирилди, 2000 нафар педагогнинг малакаси оширилди. 750 нафар ўқувчи пилот лойиҳаларга жалб этилди. Шунингдек, 3 та касбий стандарт такомиллаштирилиб, 4 та малака ошириш дастури янгиланди. 500 нафардан ортиқ педагог Европа, жумладан Швейцария тажрибаси асосида тайёрланди.

Германиянинг GIZ ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган TexVET-II лойиҳаси доирасида касбий таълим тизимида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар олиб борилди.  

Лойиҳанинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган биринчи босқичида тўқимачилик сектори қамраб олиниб, дуал таълим ва миллий малака тизимидаги муаммолар бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичи (2026–2028)да яна 5 та янги секторни қамраб олиш режалаштирилган.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган DARYA лойиҳаси доирасида касбий таълим муассасаларида халқаро сифат стандартларини жорий этиш бўйича семинарлар ташкил этилди.  

Тадбирлар давомида Европа таълим стандартларига асосланган баҳолаш тизими тақдим этилиб, унда 23 та асосий мезон ва 577 та индикатор орқали техникумлар фаолиятини баҳолаш механизмлари белгиланди.

Шунингдек, Касбий таълим агентлиги ва Миллий гвардия ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, муддатли ҳарбий хизматчиларни касб-ҳунарга ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш, сертификатлаш ва иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Германия тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган ТVET I лойиҳаси доирасида техникумларда ўқув модулларини дуал таълим тамойиллари асосида янгилаш ишлари бошланди. Ушбу жараёнда таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини бевосита корхоналарда шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Умуман олганда, амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар касбий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, таълим сифати ва битирувчиларнинг бандлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қиладиган малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган муҳим қадамлар ҳисобланади.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА